Охирги янгиликлар

Натижадорлик мезони Жамият / Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Халқ қабулхоналари мамлакатдаги ижтимоий муҳитга ижобий таъсир кўрсатди. Одамлар мурожаат қилиш маданиятини ўрганишяпти, ўз муаммосини айта олишяпти. Мулоқот жараёнида анчагина ҳуқуқий билимга ҳам эга бўлишяпти. Хўш, бу идора олдига яна қандай вазифалар қўйилган?
Ушбу савол билан Иштихон туман Халқ қабулхонаси мудири Илҳом Олтибоевга мурожаат қилдик.

– Барибир асосий вазифа халқни қабул қилиш, муаммо ечимини уюштириш ва мурожаатлар  мониторингини юритишдан иборат. Мисол учун, жорий йилнинг ўтган даврида бизга 1001 нафар фуқаро мурожаат қилди. Уларнинг 409 таси ижобий ҳал этилди.
– Мурожаатлар таҳлили нимани кўрсатяпти? 
– Моддий ёрдам сўраш (115 та), коммунал хизмат савияси ёки унинг тўловидан норизо бўлиш (107 та), пенсия таъминотидан шикоят (73 та) кўпроқ. Лекин мулоқот жараёнида шу нарса маълум бўляптики, айримлар ўзлари муаммо деб ҳисоблаган ҳолат бўйича етарли маълумотга эга эмас. Шу боис нафақа ва коммунал соҳа бўйича маҳаллаларда мутахассислар иштирокида очиқ мулоқотлар ўтказишни тавсия этаяпмиз. Баъзиларига ўзимиз бораяпмиз.
– Ташриф буюраётган фуқаролар талабида ўзига хослик ҳам  бўлса керак?
– Албатта. Мисол учун, фуқаро С.Жумаева биратўла ҳам иш, ҳам уй-жой сўради. Ҳоким ўринбосари билан бирга масалани ўргандик. Аввалига тиббиёт бирлашмасига мутахассислиги бўйича ишга қўйдик. Кейин шартнома асосида ижарага квартира топиб бердик. Бу жараёнда мурожаат қилган шахсга унинг фуқаролик бурчи тўғрисида тушунча ва маслаҳатлар ҳам берилди.
Баъзан ҳокимлик ёки ҳомий ташкилотлар ёрдамида кам таъминланган оилаларга имкони борича кўмаклашаяпмиз. Айримларига 10-15 та шифер, тош-шағал, цемент ёки бошқа қурилиш ашёлари, болалари учун кийим-кечак берилаяпти. 
Дарвоқе, ғалла ўрими даврида 115 та хонадонга ғалла тарқатилди.
– Лекин бу билан мурожаатлар тўхтаб қолмайди-ку...
– Биламан, шунинг учун туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда арзон уйлар қуришни кўпайтириш чорасини кўраяпмиз. Мутахассислар, оқсоқоллар ёрдамида шахсий томорқадан кўпроқ даромад қилиш йўлларини ўргатаяпмиз. Ҳоким ўринбосарига эса инвесторларни жалб этиб, ишчи ўринларини кўпайтириш бўйича ишларни жадаллаштириш юзасидан тавсия бердик. Айтгандай, ишчи ўрни масаласида мавжуд имкониятлардан ҳам фойдаланяпмиз. Пухта ўрганилганда халқ таълими ва соғлиқни сақлаш тизимидаги баъзи муассасаларда штатлар тақсимлаб ташлангани маълум бўлди. Ана шу ҳисобидан 20 га яқин киши тўлиқ ставкали иш ўрнига эга бўлди.
Яна бир гап. Ногиронларга бериладиган аравача учун бюджетдан доимо ҳам етарли маблағ ажратилавермайди. Шу боис ҳокимлик ва ҳомийлар ёрдамида шу йилнинг ўзида ногиронларга 15 та аравача олиб бердик.
– Илҳом ака, айтайлик, мурожаат ижобий ҳал бўлди. Шикоятчининг узоқ вақт сарсонгарчилигига чек қўйилди. Ана шу камчиликка йўл қўйган масъул шахслар чора олишадими?
– Ҳали бу ишни ҳамма мурожаатлар бўйича йўлга  қўя олганимиз йўқ. Бироқ ўта масъулиятсизлик ҳолатлари бўйича прокуратурага тавсиялар киритяпмиз.
Муҳтарам Президентимиз Халқ қабулхоналарига натижадорликка эришиш талабини қўйган. Гап мурожаатлардаги камчиликларнинг такрорланишига йўл қўймаслик устида бормоқда. Шу мақсадда масъул ходимларнинг масъулиятини ошириш, кўчма қабулларни уюштириш устида ҳам иш олиб боряпмиз.
Ўлмас САЙДИНОВ суҳбатлашди.