Охирги янгиликлар

Самарқандда янги аквапарк қурилмоқда Жамият

Самарқанд шаҳридаги "Суғдиёна" маданият ва истироҳат боғи ҳудудида жойлашган аквапарк ўрнида "Dobusiya Samarkand Aqualand" МЧЖ томонидан бунёд этилаётган янги мажмуа замон талаблари даражасидаги дам олиш ва спорт-соғломлаштириш маскани бўлиши кутилмоқда.  
– Замонавий аквапарк ҳудудидан ёзги чўмилиш ҳавзалари ва қишки бассейнлар, сауна-бассейнлар, болалар, ўсмирлар ва катталар учун аттракционлар, қумда футбол, волейбол майдончалари, оилавий кичик коттежлар, қаҳвахоналар ва бошқа турдаги спорт-соғломлаштириш, дам олиш масканлари жой олади, – дейди МЧЖ директори Баҳриддин Ибрагимов. – Мажмуада айниқса, хотин-қизларимизнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун шароитлар яратилади, улар учун алоҳида сауна-бассейнлар, гўзаллик салонлари, фитнес заллари бўлади. Ҳозирда дастлабки қурилиш ишлари тугалланган иккита йирик бассейн атрофида сунъий тезоқар сувли йўлак, яъни тўлқинли ҳовуз қурилади. 
Маҳаллий аҳоли ва сайёҳларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун барча шароитларга эга бўладиган аквапарк ҳудудида муз устидаги спорт турлари билан шуғулланишга мўлжалланган "Муз саройи"ининг қурилиши қувончли янгилик. Бу ўз навбатида, Самарқандда фигурали учиш мактабига асос солинишига замин яратади. 

Умумий майдони 3,5 гектар, атрофи дарахтзор аквапарк ҳудудига қўшимча равишда мингга яқин ноёб дарахтлар, буталар, гуллар экилади. Соябонлар қўйилади. Ҳудуддаги кўпйиллик дарахтлар сақлаб қолинади, фақатгина сув ҳавзаси бўйидаги бир нечта дарахтлар олиб ташланиши мумкин. Йирик бассейнга ўрнатиладиган сув парки тепалиги 15 метр баландликда бўлиб, конструкциялар Хитойдан келтирилади. 
Қурилиш ишлари 2018 йилнинг 10 майига қадар давом этади. 
Бундан ташқари, ҳудудда 6 қаватли замонавий меҳмонхона бунёд этилиб, унда дам олувчиларга сифатли хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади. 
Мавсумий 50 дан зиёд ва яна доимий 50 та иш ўрни яратилади.
Янги аквапарк билан туташ, 7 гектар майдонда жойлашган "Суғдиёна" истироҳат боғида ҳам аҳоли дам олиши учун барча шароитлар яратилган. Истироҳат боғи 2014 йилда қайта таъмирланган бўлиб, ўтган вақт давомида янги замонавий аттракционлар келтириб ўрнатилди. 
 
– Истироҳат боғи ҳудудида 11 та болалар аттракциони мавжуд, 3 та қаҳвахона дам олувчилар хизматида, келин-куёвлар учун сайргоҳ, 1040 ўринли амфитеатримиз бор. 2016 йилда қуриб фойдаланишга топширилган "Шукрона" ёпиқ паркида 3 та болалар аттракциони, 23 турдаги ўйин автоматлари ишлаб турибди, – дейди истироҳат боғи директори ўринбосари Абдумурод Нортожиев. – Боғ бўйлаб мингдан зиёд манзаралари дарахтлар, 4 минг туп мавсумий гуллар экилиб, ҳудуд кўкаламзорлаштирилди. Ҳозирда истироҳат боғида "Шарқ тароналари" XI халқаро мусиқа фестивали меҳмонларини қабул қилиш учун тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. 
Самарқанд шаҳрида жаҳон стандартларига мос, халқимиз менталитети ҳисобга олинган ҳолда бунёд этилаётган замонавий аквапарк, қулай шароитларга эга меҳмонхона ҳамда "Суғдиёна" истироҳат боғида аҳолига янада яхши шароитлар яратилаётгани халқимизнинг фаровон яшаши йўлидаги дадил қадамлар дейиш мумкин.
Зилола ОМОНОВА.