Охирги янгиликлар

Қуёшга пешвоз чиқаётганлар Жамият

Қадриятлар
бешиги
Маҳалла – Ўзбекистондан бошқа дунёнинг бирорта мамлакатида учрамайдиган, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқарадиган ноёб жамоат бирлашмасидир. Бежиз уни Ватан ичра мўъжаз Ватанга менгзамаймиз. Негаки, инсонлар шу қутлуғ масканда ёруғ дунёга келадилар. Унинг бағрида ўсиб-улғайиб тарбияланадилар. Орзу-умидлари шу заминда япроқ ёзиб, гуллайди. Одамлар шу даргоҳда аҳил-иноқ, ҳамжиҳатликда тинч-тотув яшаб, юртни обод, жамиятни якдил ва мустаҳкам қиладилар, қувончу ташвишларини баҳам кўриб, муаммоларга ечим топадилар. Мустақиллик йилларида бу қадим миллий жамоа қайта тикланди ва тобора такомиллашиб, жамиятнинг ижтимоий-сиёсий таянч нуқтасига айланиб бораяпти. Паст Дарғом туманидаги Зангибойи маҳалласида бўлганимда бунга яна бир бор гувоҳ бўлдим.
Ҳамма гап онгу
тафаккур ўзгаришида
– Мустақилликнинг бизга берган буюк эринлик ва озодлик неъмати қалбларда мудроқ бунёдкорлик туйғуларини уйғотиб юборди, – дейди маҳалла раиси Исмоил Сапаров. – Бу аввало одамларнинг онгу тафаккуридаги ўзгаришларда, ўзларига ишончи ортганида намоён бўлмоқда. Улар мустақилликни мустаҳкамлаш, озод ва фаровон ҳаёт кечириш ўзларининг қўлларида эканлиги, бахт-саодатга элтувчи йўл – ҳалол меҳнат қилишга, тадбиркорлик билан фаолият юритишга боғлиқлигини англаб етмоқдалар.
Бугун улар ўзлари яшаётган масканни биров келиб ободонлаштириб бермаслиги, муаммоларини ҳам кимдир ташқаридан туриб ҳал қилолмаслигини яхши биладилар. Шу боис маҳаллада қўлидан иш келадиган киши борки, яратувчилик билан банд.
Маҳаллада 710 та хонадонда 1480 оила истиқомат қилмоқда. Улардан 115 таси оилавий тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. Мисол учун, Гулчеҳра Темирова шахсий хўжалигида 200 та товуқ парваришлаб тухум етиштиради. Башорат Раҳимова оиласида қандолатчилик, Лутфия Ҳусенова оиласида каштачилик-зардўзлик йўлга қўйилган. Марҳабо Муқимова, Қундуз Рўзимуродова каби оилавий тадбиркорлар тикувчилик билан шуғулланади. Оилада тадбиркорлик билан шуғулланиш меҳнатга яроқли уй бекаларига кенг фаолият уфқларини очмоқда. Энг муҳими, меҳнат стажига эга бўлишмоқда, ўзлари машғул бўлган тадбиркорлик сирларини фарзандларига, шогирд қизларга ўргатишяпти. 
Бахтиёр аёлларга гЎзаллик
ярашади
– Давлатимизнинг тадбиркорларга яратиб бераётган шароити бизни жамият ҳаётида янада фаол бўлишга ундамоқда, – дейди маҳалла марказида аёллар гўзаллик салони очган тадбиркор Очилой Мусурмонова. – Ушбу хизматга қишлоқларимизда ҳам талаб ортиб бораётганини кўриб, шу ишга қўл урдим. Ахир, фидокорона меҳнат қилиб рўзғорларини ҳам, давлатимизни ҳам бойитишга ҳисса қўшаётган сулув аёлларимиз, опа-сингилларимиз гўзал яшашга ҳақлидирлар. Гўзаллик салонида уч шогирд қизни иш билан таъминладим. Бундан ташқари, оила аъзоларимиз билан маслаҳатлашиб, кредит эвазига чорва моллари сотиб олдик. Насиб этса сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз.
– Мустақиллик берган имкониятларни кўриб, "қани энди ёшлигимга қайтсаму, тадбиркорлик билан шуғулланиб, юртимиз ривожига ҳисса қўшсам" деб ҳавас қиламан, – дейди меҳнат фахрийси Нурмамат Худойқулов. – Маҳалладошларимни кузатаман, бари меҳнаткаш, бари тадбиркор. Э, оталарингга раҳмат дейман. Ўлмас Бердиқулов, Суннат Мустафоев, Ойбек Турсунов автомобилларга техник хизмат кўрсатадиган устахона, Мадраҳим Қосимов, Нуриддин Қобилов дурадгорлик, мебелсозлик цехлари очган. Тадбиркорлар Тўлқин Очилов, Эркин Отамуродов, Очил Мирқандов, Илҳом Сапаров иссиқхонада лимон, бодринг, помидор етиштиради. 
Ёши 70 дан ошган отахон Даврон Давиров, ғайратли йигит Омон Султонов қурилиш учун блок, ғишт цехи очиб, мижозларнинг мушкулини осон қилмоқда.
Бирлашган ўзар…
– Халқимизнинг "бирлашган ўзар" деган мақоли замирида катта маъно борлигига ўзимиз амин бўляпмиз. Одамлар бирлашса катта куч экан. Жуда кўп ободонлаштириш ишларини ҳашар йўли билан амалга оширяпмиз, – дейди оқсоқол Исмоил Сапаров. – Жумладан, қабристонни ободонлаштиришда фуқароларимиз ҳашар йўли билан 400 миллион сўмлик иш бажардилар. 2 та кўча асфальтланди, 4 тасига тош ётқизилди. Маҳалламиздаги 75-умумтаълим мактаби, ҚВП биноларини таъмирлашда ҳам миллий удумимиз – ҳашар қўл келди. Ҳиммати баланд фуқароларимиз маҳалла марказидаги икки қаватли савдо, маиший хизмат мажмуи қурилишида ҳам фаол иштирок этмоқда. Мажмуа ишга тушгач, 30 киши ишли бўлади.

Айни пайтда маҳаллада 19 та савдо дўкони, тўйхона, тегирмон, бир нечта ошхона, гўшт дўконлари фаолият кўрсатмоқда. Халқ якдил бўлса, ҳал бўлмайдиган муаммонинг ўзи йўқ экан.
Маҳалла мулкдорлари
Маҳалла ҳудудида фаолият юритаётган фермер хўжаликлари давлатга ғалла, пахта, эл дастурхонига деҳқончилик, боғдорчилик маҳсулотлари етказиб беришда яхши кўрсаткичларга эришмоқдалар.
– Ота-боболаримиз умр бўйи ўзининг бир парча ерига эга бўлишни орзу қилиб ўтишган, – дейди фермер Фурқат Муҳаммадиев. – Мана, истиқлол шарофати билан ўзбек деҳқонлари ерли-сувли бўлишди. Уларни давлатимиз ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб турибди. Шулар қаторида мен ҳам чорвачилик ва боғдорчилик фермер хўжалиги очиб фаолият юритаяпман. Маҳалламиз ҳудудида 7 та фермер хўжалиги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирмоқда. Ҳар йили ғалла, пахта, мева, чорвачилик маҳсулотлари сотиш шартнома шартлари ортиғи билан адо этиб келинмоқда.
Маҳалла аҳли энг улуғ ва энг азиз байрамимиз Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 26 йиллигини барча соҳаларда муносиб туҳфалар билан кутиб олмоқдалар.
Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.


Reklama huquqi asosida