Охирги янгиликлар

Рағбат фаолликка ундайди Жамият

Қирқ йилдан буён қурувчилик соҳасида меҳнат қиламан. Шу давр мобайнида Нарпай, Пахтачи, Каттақўрғон туманларидаги 38 дан зиёд объект, жумладан, мактаб, қишлоқ врачлик пунктлари, намунавий лойиҳа асосидаги замонавий уй-жойлар, маҳалла фуқаролар йиғини бинолари барпо этилди.
Айни пайтда Ноғорахона массивида икки қаватли 16 хонадонли тураржой биноси қуриш ишларини олиб боряпмиз. Жамият томонидан сўнгги уч йил мобайнида 8,067 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди ва 377,4 миллион сўмлик фойда олинди. Шу даврда корхонамизда 34 та янги иш ўрни яратилди.
Биз, қурувчилар мамлакатимизда бунёдкорлик ишларига қаратилаётган юксак эътиборни доимо ҳис этиб турибмиз. Мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 7 августдаги "Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида"ги фармонига биноан август ойининг иккинчи якшанбаси "Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни" деб эълон қилинганлиги ва Президентимизнинг шу муносабат билан мамлакатимиз қурилиш соҳаси ходимларига йўллаган табриги барчамизнинг қалбимизни тўлқинлантириб юборди. Қолаверса, сана муносабати билан давлатимиз раҳбари фармонига асосан "Шуҳрат" медали билан тақдирланганлигим қувончимни икки ҳисса оширди. Бунга жавобан масъулиятли ва шарафли касбимга содиқ қолиб, мамлакатимизнинг янада тараққий этиши ҳамда гуллаб-яшнаши йўлида бор кучимни аямайман.
Қаҳрамон РОЗИҚОВ,
Нарпай туманидаги
"Нарпай стандарт қурилиши" хусусий
корхонаси раҳбари.