Охирги янгиликлар

Бедорлик бахти Жамият

Халқимиз азалдан бедор миллатдир. Бу уйғоқлик бизнинг томиримизда, жонимизда, виждонимиздадир. Зеро, дунё уйғонганникидир. ўафлат лаззатини енгиб, бедорлик тожини кийган Соҳибқирон Амир Темур бобомиз   етти иқлим ҳукмдори бўла олдилар. Султон Мирзо Улуғбек осмон тоқига нарвон қўйди. Мудраб ётган тамаддун бешигига  уйғонмоқ саодатини берган  Муса Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Абу Насир Фаробий, Маҳмуд Замахшарий, Аҳмад ал-Фарғоний, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, ал-Бухорий, Ҳаким ат-Термизий каби боболаримиздир.
***
Она Ўзбекистонимиз бугун тўйга тайёргарлик кўраётган тўй эгасига ўхшайди. Юзида мамнунлик, қалбида шукроналик, ҳаракатларидан куч-ғайрат ёғилиб турган тўй эгаси. Етказганига шукур. Ростдан ҳам шу бахт меникими?! Ростдан ҳам шу бахт бизникими?
Бугун ҳар бир  ўзбек ўзига шундай савол бермоқда. Жавоб тайёр. Биз уйғондик, биз бирлашдик, биз дунёнинг  одамлари бахтли бўлган давлатларнинг бирига айландик.  Амударё соҳилига кийиклар сув ичгани келишди. Сирдарёга оқ чорлоқлар  қайтди.
Муҳтарам Президентимиз "Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз", деб бизга ишонч  билдирмоқдалар. Бу ишончни оқлаш керак. Бу ишончга муносиб бўлиш керак. Атрофга қараш керак. Буюк ўзгаришлар. Ҳар қадамда истиқлол ғояларига садоқат, отаётган тонгларга муҳаббат... Аввалига тирикчилик учун интилган одамлар энди йирик бизнес-режасини тузяпти.
***
2017 йил Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан  эл орасидамиз. Учрашувлар, давра суҳбатлари, мулоқотлар, мулоҳазалар, муҳокамалар, қизғин баҳслар, таклифлар, таҳлиллар, танқидлар. Танқид бўлганда ҳам рад этиб бўлмайдиган далиллар билан асосланган  танқидлар. Ўша мулоқотлардан сўнг қалбимда бош кўтарган, оромимни бузган фикрларни қоғозга туширарканман, ҳали ҳам ухлаб ётган айрим юртдошларимизга "Сиз қачон уйғонасиз?" дейман. Энг аввало ўзим янада бедорроқ бўлишга интиламан.
Маҳаллани гулзорга айлантириш учун барча кўчаларга гул кўчатлари тарқатилди. Бу гўзал ҳаракат учун миллионлиб маблағ ажратилди. Ҳамма ҳовлилар олди чаманзор бўлди. Юзлаб гулчилик хўжалиги очилди. Афсус, айрим ҳовлиларнинг олдига экилган гул ҳам кўкармади, арчалар ҳам тутиб кетмай файзсизлигича қолди. Маҳалла фаоллари неча марта тушунтириш олиб борди, аммо ўзгариш йўқ. Бундайлар битта маҳаллада битта-иккита бўлса гул кўчатларни қайтадан экиш мумкин, қўшнилар тартибга олиши мумкин. Афсус, бундайлар ҳар бир маҳаллада ўнлаб топилади. Бу ўнталар тўпланиб, бир туманда юзлаб ҳовлиларнинг олди файзсиз бўлишига олиб келади. 

Германияда эрта баҳорда кўпқаватли уйларнинг ҳар бирига бир хил гул кўчат тарқатилар экан. Йил давомида бири қизил, бири оқ, бири нафармон, бири яшил гуллар билан ўралган уйлар шаҳарга мафтункор тус беради. Ҳеч ким мен бошқача гулни ёқтираман, бошқача гул экаман демас экан. Тонгда бир вақтда гулларга парвариш бераётган одамларни кўрасиз. Албатта, бу кўп вақтни олмайди, аммо йил давомида дилларга хуш кайфият улашади. Гулларига қарамайдиган хонадон эгаларига  эса шаҳар маъмурияти томонидан яхшигина жарима солинар экан. Бизда-чи? Ҳеч ким жаримага тортилмайди. Шунча маблағ ҳавога учиб кетади. Қайта-қайта гулларни қуритиб қўйган хонадон эшиги олдида ободонлаштириш бошқармаси ишчилари келиб куйманаётганини кўрамиз.

Шунда  деразасидан бепарво қараб, яна диванига ўзини ташлаётган  хонадон эгаларига ҳайқиргинг келади: Сиз қачон уйғонасиз? Ичингиздаги лоқайдлик аталмиш душманни қачон енгасиз?! Қачон ўргатасиз болаларингизга ҳомийлар томонидан қуриб берилган ўйингоҳлардаги қимматбаҳо мосламаларни бузмасликка?! Қачон ўрганасиз шаҳар ариқчаларига  бўшаган сув идишларни ташламасликка?! Қачон ўрганасиз ёмғир сувлари оқиб ўтишига мўлжалланган ариқчаларга чиқинди ташламасликка?! 

Шаҳар, қишлоқларни кезамиз. Юртдошларим кеча-ю кундуз ухламай меҳнат қилаётганини кўрамиз. Замондошларим бошқараётган самолётлар ярим тунда ҳам  тумшуғида, қанотларида нур ташиётган сеҳрли қушдек шаҳримизга тинимсиз кириб келаётганини кўрамиз.
"Хонимлар ва жаноблар! Бир неча лаҳзалардан сўнг самолётимиз  Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига қўнади", деди борт кузатувчи қиз. Тошкент вақти билан соат З.00. Аэропорт карнай-сурнайлар овозида тантанали тус олади. Олтин медалларни таққан спортчи ёшлар жаҳон миқёсидаги беллашувлардан қайтди. Гуллар кўтарган ота-оналар болаларини қучоқ очиб кутиб олишмоқда. Улар бу тунда ухламайдилар. Катта қувонч ҳам одамни ухлатмайди. Суҳбатлар, эҳтиромлар, бир-бирига миннатдорчилик изҳорлари...
Сиз-чи? Сиз ухлаяпсиз, лоқайд замондош. Энг аянчлиси сизга қўшилиб болаларингиз ҳам ухламоқда. Ёки аксинча, боламиз тунда жўралари билан дайдиб юрганда, сиз бепарвосиз.
 
Илгари миллионер деб, миллиондан ортиқ пули бор одам айтилар эди. Бугуннинг деҳқони миллиарддан гапирмоқда. Бугуннинг фермери дунёга бўйламоқда. Муҳтарам Президентимиз куйиниб, "Кимдир тиним билмай кеча-ю кундузи ишлайди, бой бўлади. Кимдир фақат ухлаб ётади-ю, яна бой бўлишни истайди", деган эдилар. Афсуски, отам менга кўпроқ пулу давлат қолдириб кетмаган, деб бу оламдан ўтиб кетган падари бузрукворининг руҳини безовта қилаётганлар бор орамизда. 

Отангизнинг таниш-билиши орқали ўқишни битирдингиз, унинг ҳаққи ҳурмати сизни ишга олишди. ўалвирни сувдан кўтарадиган вақт келди. Сизнинг ғалвирингиз бўм-бўш. Сиз тўрт йил ота-онангизни ҳам, давлатни ҳам алдадингиз. Сиз ўқимадингиз, тўрт йил сайр қилдингиз институт ва уйингиз орасида. Чиройли кийимларни топиб, устингизга кийдириб қўйишди. Ширин таомларни едиришди. Дангасалик сизни енгиб, елкангизга ўтириб олди. Бу ҳам етмаганидек, дангаса фикрлар сизни бошқара бошлади. Сиз ким бўлдингиз? 

Кимгадир моддий жиҳатдан кам таъминланган оила сифатида ҳокимият ҳомий топиб сигир олиб берди. Ёзда сувсиз қолдирганингиз учун, сигир қишда касалланиб ўлиб қолди. Арзон нархда жўжалар беришди. Жўжалар касалланиб нобуд бўлди. Ҳамманинг сигири болалаб, жўжалари кўпайиб кетди. Сиз ҳомийлардан норози. Касал сигир, касал жўжалар берди, деб ёзғирасиз. Қачон йўқолади сиздаги бу тушкун кайфият? Ҳунар ўрганишнинг кечи ёки айби йўқ. Устоз топинг, ҳунар ўрганинг. Ўзингизни кашф этинг. Сиз эплайсиз. Ҳамма қилаётган ишни сиз ҳам қила оласиз. Фақат уйғонинг! Камбағалликни нухси уриб турган уйингиздан ялқовликни қувиб солинг. Қуёшни уйғоқ кутиб олинг. Ахир баракамиз боши бўлган кексалар "Эрта турганга худо беради", дейдилар. Бу синалган ҳикмат…
Фосиқ ёнига борсанг,
фосиқ бўладирсан,
Ошиқ ёнига борсанг,
ошиқ бўладирсан.
Сиз ошиқлар ёнига, ҲАЁТга ошиқлар ёнига боринг! Ошиқ бўлинг, замондош! Огоҳ бўлинг! Болаларингизни бахтли қилинг! 
Зулфия МЎМИНОВА.


Reklama huquqi asosida