Охирги янгиликлар

Одам савдоси – давр муаммоси Жамият

Одам савдоси бутун дунёни ташвишга солаётган, халқаро миқёсдаги муаммолардан бирига айланди. Ишонувчан ва содда инсонларни ўзига тобе қилиб, ишлатиш ва эвазига фойда олиш – мазкур  жиноятга қўл ураётганларнинг ягона мақсади ҳисобланади. Улар бу йўлда алдов ва шафқатсизликни ўзларига қурол қилиб олади. Афсуски, аёллар ва ёшлар бундай жиноятчиларнинг тузоғига кўпроқ илинмоқда. 
Бу жиноят билан шуғулланувчилар фирибгарлик, мажбурлаш ва бошқа жиноий воситалардан фойдаланган ҳолда заиф, ҳимояга муҳтожларни ўз домига тортишади. Айниқса, содда аёллар чет элларга сотиб юборилмоқда. Бировнинг бахтсизлиги эвазига бойлик орттираётганлар ўз кирдикорларини яшириш мақсадида одам савдосининг қурбонига айланаётган шахсларни имкон қадар ноқонуний йўллар билан хорижга олиб чиқишга, ҳужжатларни қалбакилаштиришга ҳаракат қилишади.

Масаланинг нозик жиҳати шундаки, бу қабиҳ савдонинг қурбонлари ноқонуний равишда хорижга чиққанлиги фош бўлишидан чўчиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларга мурожаат этмайди. Бу ҳолат одам савдоси билан шуғулланувчи шахсларнинг жавобгарликдан қутулиб қолишларига ҳамда жиноий фаолиятини давом эттиришларига шароит яратади.

Умумбашарий муаммога айланган одам савдосининг илдизини қирқишга фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш йўли билан эришиш мумкин. Бундай ҳолатларнинг ҳамон учраб туришига асосий сабаб ҳам айрим аёлларнинг ўз ҳуқуқларини билмасликларидир.
Унутмаслик керак, хорижда ишлаб келишни хоҳловчилар учун республикамизда  тегишли тартиб-қоидалар жорий этилган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ушбу фаолият билан шуғулланади. Айни масалага қизиқувчи ҳар бир шахс  шу ташкилотдан маслаҳат, йўл-йўриқ, саволларига жавоб олиши мумкин.

Одам савдоси муаммоси ҳудуд ва чегара танламайди. Ушбу жиноятга қарши самарали кураш олиб боришда давлатлараро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Бу борада мамлакатимизда норматив-ҳуқуқий база шакллантирилган. Қолаверса, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 60 дан ортиқ халқаро ҳужжатга қўшилган ва БМТ томонидан мазкур соҳада қабул қилинган 6 та асосий халқаро шартнома иштирокчисига айланган. Шунингдек, хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан, одам савдосига қарши курашишга қаратилган 29 та шартнома ва келишув имзоланган.

Айниқса, мамлакатимизда "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги Қонун ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилиниши, унга асосан, одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилиши ушбу трансмиллий жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш самарадорлигини оширди.

Вилоятимизда одам савдосига қарши курашиш борасида турли кўринишларда тадбирлар ўтказилмоқда. Тадбирларда прокуратура, ички ишлар органлари масъул ходимлари, ҳокимият вакиллари ва маҳалла фаоллари иштирок этмоқдалар.
Одам савдосига қарши курашиш деганда нафақат ушбу жиноятчилик, балки унга замин яратаётган сабаб ва омилларни бартараф этиш тушунилади. Одам савдоси жинояти ҳамда унинг оқибатлари ҳақида гапирар эканмиз, аввало асосий мақсад аҳолига мазкур қилмишнинг асл моҳиятини янада чуқурроқ тушунтириш, огоҳликка чорлашдан иборат.
Оммавий ахборот воситалари мазкур ижтимоий муаммонинг олдини олиш ва унга қарши курашишда жамоатчилик иштирокини янада оширишга кўмаклашиши зарур.
К.ҲАСАНОВ.