Охирги янгиликлар

Эгаси йўқ муаммо Ёхуд чиқаётган жондан охирги умид Жамият

Президент Ш.Мирзиёев ижодкор зиёлилар билан мулоқотида маънавият, ижод, хусусан, матбуот соҳасига ҳам тижорат аралашишига йўл қўймаймиз, дегандан сўнг  охирги умид билан ушбу мақолага қўл урдим.
Дарвоқе, "чиқаётган жон" деганим, бу матбуот нашрларини обуначига етказиб бериш хизматининг тугаб бораётганига ишора. Мутасаддиларнинг ўзлари ҳам тан олишяпти: газеталарни хонадонларга етказиб беришни ҳеч ким гарданига олмаяпти.
"Охирги умид" деганда эса минг марта айтган билан чораси топилмаётгани, аксинча, вазият оғирлашиб бораётганини назарда тутаяпман.
Мисол дейсизми? Марҳамат, бундан ўн йил олдин "Ўзбекистон почтаси" вилоят бўлими ва деярли унинг ҳамкор ташкилоти "Матбуот тарқатувчи" АЖ обуна уюштирарди. Обуна уюштирувчилар сони йилдан-йилга кўпайиб, ўтган йили 15 тага етди. Аммо мутасаддиларга қўйнинг ҳаром ўлишига қассобнинг кўплиги сабаб эканини тушунтиролмай оворамиз.

Энди сарлавҳага ҳам шарҳ бериб ўтсам. Қарийб уч йилдан бери обуна жараёни ичига кириб шуни англадимки, обуначига вақтли матбуот нашрларини ўз вақтида етказиб берилишини назорат қиладиган, яъни манфаатдор идора йўқ экан.
Асло ҳайрон бўлманг. Газетанинг ҳар сонида "Ҳурматли обуначи! Обуна бўлган нашрингизни ўз вақтида олаяпсизми?" деган савол қўямиз. Ҳамма жим – обуначи ҳам, обуна уюштирган ҳам. Бир-икки нафар олим ёки нафақахўрдан бошқа ҳеч ким қўнғироқ қилмайди.
Таҳририятнинг аниқ эътирози эса бояқиш аризачини алдаб ёки мажбурлаб ёздирилган "Тушунтириш хати" билан якун топади.
Аммо бир нарса аниқ. Вилоятдаги босма нашр таҳририятлари 2017 йил учун бултур ўтказилган обуна пулларини ҳалигача тўлиқ олган эмас. Тағин "Бугун ҳисоб рақамингизга пул кўчирдик", деб миннат қиладиганлари ҳам бор.

Яна бир нарса аниқ: вилоят бўйича хонадонларга газета-журнал элтиб берувчи дастёр йўқ. Обуналар ҳам деярли тўласинча идора манзилига уюштирилади. Газета тахламлари ё раҳбар қабулхонасида ёки кутубхонада чанг босиб ётади.
Айнан бизнинг газета эшик ва дарвозаларда почта қутиси йўқолиб кетди, дея бонг урганди, бироқ бу даъватдан натижа чиқмади. Аксинча, қишлоқлардаги ўнлаб алоқа бўлимлари бузилиб, хусусийлаштирилиб юборилди, почтальонлар штати тенг ярмига қисқариб кетди. 
Ваҳоланки, почта хизмати иқтисодиётда автомобиль ва темир йўллар нечоғлик аҳамиятга эга бўлса, ижтимоий ҳаётда шу қадар зарурдир.
– Адлия бошқармасидан юборилган расмий хатни бир ойда олдик, – дейди "Стеклопластик" корхонаси раҳбари Ў.Саидмуродов. – Корхонамиз учун зарур ихчам детални эса Туркиядан уч кунда келтириб беришди.

Бу гапда жон бор. Нафақа пулини тарқатиш халқ банкига юклангач, алоқа бўлимлари ҳувиллаб қолди. Талаба ёки ногиронлар соатбай ёки ярим штат бирлигида ишлаяпти. Хонадонларга обуна расмийлаштирилмагани учун уларда маҳаллаларга бориш эҳтиёжи йўқ.
Почта хизмати бутун дунёда мавжуд. Уни тугатиш мумкин эмас, чунки унинг ўрнини бошқа ташкилот боса олмайди. Агар кимгадир почта хизматининг ҳозирги ҳолати ёқмаётган бўлса, ўрнига худди шундай ташкилот очиш керак. Токи ҳар бир хонадонга газета-журнал, хат-хабар бериш тизими яратилсин. Эҳтимол, ҳар бир минтақада шундай мустақил ташкилотлар очиш керакдир?
Ҳозирча эса обуна уюштирувчилар йирик бюджет ташкилотлари ва уюшмалар раҳбарларини "гапга олиш" билан банд. Биз бир қарорга келгунча улар ҳали уюштирилмаган обуна учун ғайриқонуний шартномани имзолаб бўлишади. Кейин қиладиган арз-додимиз ўрмондан келадиган акс-садо билан баб-баравар.
Фармон ТОШЕВ.


Reklama huquqi asosida