Охирги янгиликлар

Бунёдкорлик майдонига айланган муқаддас қадамжо Жамият

Бугун Пайариқ туманидаги Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуаси атрофининг улкан қурилиш ва бунёдкорлик майдонига айлангани халқимизнинг улуғ аждодларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, улар мангу қўним топган масканларни обод этиш каби эзгу фазилатларини намоён этмоқда.
Туман чегарасидан мажмуагача бўлган 4 километрлик йўл ёқасида миллий архитектура анъаналарига мувофиқ 31 та икки қаватли (икки хонадонли), учта уч қаватли (18 хонадонли) турар-жой бинолари қад ростлаяпти.

– "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси Самарқанд филиали буюртмаси асосида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига вилоятимизнинг 24 та қурилиш ташкилоти жалб этилган, – дейди туман ҳокими ўринбосари Ш.Тошпўлатов. – Шу давргача ҳудуддаги 33 та хонадон соҳибларига уй қуришлари учун ер ажратилиб, уларга 3,5 миллиард сўмдан ортиқ товон пуллари тўлаб берилмоқда. Қурилиш ишлари учун йўналтирилган 17,5 миллиард сўмлик ишларнинг 13 миллиарддан ортиғи банк, қарийб 4,5 миллиарди аҳоли маблағлари ҳисобидан  бажарилмоқда.

Шунингдек, йўл ёқаси вилоят ҳамда туман корхона ва ташкилотлари, тадбиркорларнинг ҳомийлик ёрдамлари эвазига ободонлаштириляпти. Ҳашар ишлари самарасида эни 19 метр бўлган йўл атрофида пиёдалар йўлаги, яшил майдон ҳамда 22 та гулхона барпо этиш ишлари якунига етказилмоқда. Ҳудуддаги бозор, меҳмонхона, нуронийлар чойхонаси, муассасалар, савдо-маиший шохобчалари, ижтимоий объектлар замон талаби асосида таъмирланмоқда.

Бунёдкорлик майдонига айланган муқаддас қадамжо

– Туманимизда бошланган эзгу ва хайрли ишлардан четда қолмаслик мақсадида икки қаватли турар-жой биноси қурилишини зиммамизга олганмиз, – дейди "Пайариқ қурилиш инвест" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ҳ.Абжалов. – Ҳозиргача ишнинг салкам ярмини уддаладик, қиш фасли арафасида фойдаланишга топширишни мўлжаллаяпмиз. Бунинг учун 12 нафар қурувчиларимиз тинимсиз меҳнат қилмоқда. Ходимларнинг ойлик иш ҳақларини вақтида бериб, икки маҳал иссиқ овқат билан таъминлаганмиз.


– Мусулмон оламининг муқаддас қадамжоларидан бири бўлган мажмуамиз ҳар куни маҳаллий зиёратчилардан ташқари дунёнинг турли мамлакатларидан келган сайёҳлар билан гавжум бўлади, – дейди Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси бошқарув кенгаши раиси Д.Эрмаматов. – Айни кунларда улар буюк муҳаддис қўним топган масканни зиёрат қилиш билан бирга, ҳудудда амалга оширилаётган ободончилик ишларига ҳам гувоҳ бўлмоқда. Мустақиллигимизнинг 26 йиллик тўйи, "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивали, қолаверса, Қурбон ҳайити муносабати билан зиёратчилар, хорижлик меҳмонлар сафи янада кенгаяди. Шу муносабат билан мажмуамиз ҳудудига 7 минг туп гул кўчатлари экдик.
 
Беш юз тупдан зиёд манзарали дарахтларга шакл берилди. Хорижлик саёҳларга сифатли гид, сервис хизматларини кўрсатиш чораларини кўряпмиз.
Ҳудуднинг 6 гектарга яқин майдонида Президентимиз ташаббуси билан Имом Бухорий номидаги халқаро илмий тадқиқотлар маркази, 50 ўринли ҳадисшунослик мактаби, ходимлар учун кўпқаватли уйлар қурилиши шиддат билан амалга оширилмоқда. Ушбу эзгу саъй-ҳаракатлар халқимизнинг бой маънавий меросини асраб-авайлаш, буюк аждодларимиз номини улуғлаш, тарихни ўрганиш ва миллий ўзликни англашда муҳим омил бўлаётгани, одамларни савобга, бирдамлигу ҳамжиҳатликка чорлаётгани қувонарли.

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).