Охирги янгиликлар

Истиқлол қуёши порлаган кун Жамият

Мустақиллик халқимизнинг асрлар мобайнидаги орзу-истаги эди. Бу ниятга эришиш йўлида қанчадан-қанча саъй-ҳаракатлар бўлди. Қадимда Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди, яқин ўтмишда Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир, Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий сингари ватан фидойилари миллат эрки ва озодлиги, деб қурбон бўлдилар.
Бундай уринишлар зое кетмади, албатта. Халқимизнинг хоҳиш-иродаси ва мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг матонатли ташаббуси билан 1991 йил 31 август куни Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги эълон қилинди. Мустақиллик Баёноти ва "Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида"ги Қонун тасдиқланди. 

Ўтган 26 йиллик давр мобайнида мустақил давлатимиз ташкилий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тўласинча шаклланди. Истиқлол ғояси билан йўғрилган Асосий Қонунимиз – Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси (1992 йил 8 декабрь куни) қабул қилинди. Барча ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Улар асосида давлат бошқарувининг уч мустақил бўғини – қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти шаклланиб, самарали фаолият юритмоқда. Мамлакат парламенти жаҳон андазаларига тўласинча мос бўлган икки палата – Қонунчилик палатаси ва Сенат шаклида таркиб топди. 

Халқ хўжалиги давлат-режалаштириш тамойилидан бозор иқтисодиёти тамойилларига ўтказилди. Мулк давлат тасарруфидан чиқарилиб, хусусийлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Тадбиркорлик ва ишбилармонликка кенг эшиклар очилиб, давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.

Таълим тизимида туб янгиликлар рўй берди. Маънавий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналарни тиклаш, асраб-авайлаш, тарихий обидаларни муҳофаза қилиш, Имом Бухорий, Ҳаким ат-Термизий, Абу Мансур Мотрудий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек сингари буюк аждодларимиз ҳаёти ва ижодини ўрганиш, уларнинг маданий меросини эъзозлаш бўйича тарихий ишлар амалга оширилди.

Сўнгги бир йил мамлакатимиз мустақиллиги тарихида янги босқични – ислоҳотлар даврини бошлаб берди, десак тўғри бўлади. Бу даврнинг ҳуқуқий пойдевори Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йиллларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат ва жамият тараққиётининг истиқболини режалаштириш тизимига сифат жиҳатидан янгича ёндашувга тамал тоши қўйилди. 

Президент виртуал қабулхонасининг очилиши, жойларда Халқ қабулхоналарининг фаолият юритиши ушбу ислоҳотларнинг муҳим йўналиши бўлиб, фуқаролар ва давлат ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, эркин демократик ҳаётнинг бош тамойиллари саналган ошкоралик, шаффофлик ва қонунийликни, тартиб-интизомни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 2017 йилнинг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб номланиши ва бу борада давлат дастурининг қабул қилиниши мамлакатимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, кўплаб муаммоларни ижобий ҳал этишга туртки бўлади.

Республикамиз давлат мустақиллигининг 26 йиллик байрами арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 28 июль куни имзоланган "Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида"ги фармон Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган мақсад ва вазифаларни ҳаётга тадбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади. Чунки, мазкур қарорда мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, давлат дастурларининг мақсад-вазифаларини аҳолининг кенг қатламларига етказиш, дунёда юз бераётган ғоявий-мафкуравий жараёнларнинг мазмун-моҳиятини ҳар томонлама чуқур ёритиш, ёшларда соғлом дунёқараш, жумладан, китобхонлик кўникмасини шакллантириш, интернет, ахборот-коммуникация технологияларидан оқилона фойдаланиш маданиятини ошириш каби долзарб вазифалар белгилаб берилди. 
Биз вилоятдаги мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ушбу қарор ижросини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаб, ҳаётга татбиқ этяпмиз. 

Қарорда қайд этилган мақсад жамиятимиз аъзоларининг маънавий дунёқарашини юксалтириш, одамлар ўртасида динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, ўзаро меҳр-оқибат муҳитини яратиш ишига муносиб ҳисса қўшсак фуқароларимизнинг бунёдкорлик руҳини оммавий ижтимоий ҳаракатга айлантира оламиз, уларнинг мамлакат истиқлолига, эртанги кунига бўлган ишонч туйғусини яна кучайтира оламиз. Бу борада республика Маънавият ва маърифат маркази ҳудудий бўлимлари барча масъул ташкилот, корхона ва муассасалар билан тизимли ҳамда изчил фаолиятни олиб бориши лозим.

Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги куни – халқимиз учун истиқлол қуёши порлаган кун. Бу кун инъом этган мустақилликнинг қадрига етишимиз, озод ва обод Ватанимиз тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат қилишимиз зарур.
Ўткир УСМОНОВ,
республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари.