Охирги янгиликлар

Халқ дардига қулоқ тутиб... Жамият / Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Вилоятда Халқ қабулхоналари иш бошлаган илк ойларда туман Халқ қабулхонаси фаолияти билан танишиш мақсадида Паст  Дарғомда бўлгандик. Йўл-йўлакай туман марказидаги маҳаллалардан бирининг идорасига кириб ўтдик. Маҳалла биноси гавжум бўлишига кўзимиз ўрганган ва идорада ҳеч ким йўқлиги ажаблантирди. "Халқ қабулхонаси ишлай бошлагач, аҳоли маҳаллага эмас, тўғридан-тўғри қабулхонага боряпти", деганди ўшанда маҳалла ходимларидан бири. 
Оқдарё туман Халқ қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатларни соҳалар бўйича таҳлил қилиб, "бошқа масалалар юзасидан" деб қайд этилган  мурожаатлар мазмуни билан қизиққанимизда, бу ерда ҳам аҳоли маҳаллага бормасдан ёки маҳаллада иши битмасдан бевосита Халқ қабулхонасига мурожаат қилмоқда, деган хулосага келиш мумкин. Чунки бошқа масалалардаги мурожаатларнинг катта қисмини оилавий можаролар, қайнона-келин жанжали, эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликлар, қўни-қўшни орасида гап қочгани, таниш-билишлар орасида пул олди-бердиси кабилар ташкил қилмоқда. 

– Халқ қабулхонасига бўлаётган ҳар бир мурожаатга жиддий эътибор билан ёндашилади, – дейди Оқдарё туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Абдумажид Норбўтаев. – Туман Халқ қабулхонасига 2017 йилнинг 1 сентябрига қадар 793 та мурожаат тушган бўлса, 672 таси ёзма ва 121 таси оғзаки равишда қабул қилинган. Ёзма мурожаатлар тегишлилиги бўйича мутасадди ташкилотларга юборилиб, 142 та мурожаат тўлиқ қаноатлантирилди, 476 тасига тушунтириш берилди ва 54 таси ўрганилмоқда. 
Шикоят ва аризаларнинг 90 таси коммунал тўловлар, 89 таси алимент масаласида, 76 таси уй-жой масаласида, 65 таси моддий ёрдам, 54 таси иш билан таъминлаш, 54 таси пенсия ва нафақалар, 31 та ички ишлар органлари фаолиятига оид, 26 таси кредит маблағлари олишда дуч келинган муаммолар ва англашилмовчиликлар ва 251 таси бошқа масалаларга оид.  

Қирқдархон қишлоғида яшовчи Д.Маърупова Лойиш почта алоқа тармоғи фаолиятидан норози бўлиб, Халқ қабулхонасига мурожаат қилади. Мурожаат қисқа фурсат ичида ўрганилиб, 1 миллион 260 минг сўм миқдоридаги алимент пули эгаси қўлига етиб боради. Қийқим қишлоғида яшовчи Ф.Абдураҳмонова ҳам Халқ қабулхонасига мурожаат қилганидан сўнг мазкур алоқа тармоғидан 783 минг 189 сўм алимент пулини олади. 
Қирқдархонлик Темур Жумаевнинг Халқ қабулхонасига қилган мурожаати туман тиббиёт бирлашмаси бош педиатри ва кўп тармоқли марказий поликлиникаси кўз касалликлари шифокори томонидан ўрганиб чиқилиб, фуқаро бепул имтиёзли даволаниш учун вилоят кўз касалликлари шифохонасига юборилди. 

Пичоқчи қишлоғида яшовчи Кибора Рауфова 2015 йилда Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг олий ҳамширалик иши йўналишини тамомлаб келганидан сўнг иш қидириб, роса овора бўлган. "Туман тиббиёт бирлашмасига иш сўраб бир неча бор мурожаат қилдим, – деб ёзади у ўз аризасида. – Аммо муассаса бош шифокори бўш ўрин йўқлиги, бўлса, ўзлари чақиришини айтди. Шу пайтгача мурожаатларимга шундай жавоб қайтарилди". Туман Халқ қабулхонасига мурожаат қилганидан сўнг К.Рауфованинг мурожаатига жиддийроқ қаралди шекилли, у Оқдарё туман бирлашмасининг тез тиббий ёрдам бўлимига навбатчи ҳамшира вазифасига ишга қабул қилинди. 

Халқ қабулхонасида ҳафтанинг маълум кунлари мутасаддилар – сешанбада туман прокурори, чоршанба куни халқ банки раҳбари, сектор вакили, пайшанба куни жиноят ишлари бўйича туман суди раиси, жума куни туман ҳокими аҳоли мурожаатларини қабул қилади. Коммунал тўловлар бўйича шикоят, аризалар анчагина бўлишига қарамасдан, туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари навбатчилик кунларида Халқ қабулхонасида бўлмаслиги аҳоли дардига эътиборсизлик эмасми?
Ташвиши ариган биргина инсоннинг хурсандчилиги бутун халқнинг қувончига айланиши рост. Фақат Халқ қабулхонаси эмас, балки бошқа ташкилот, идораларга илинж билан келган ҳар бир фуқаро эшикдан мамнун чиқиб кетса, халқнинг дардини дилдан эшитганимиз шу бўлади.
Зилола ОМОНОВА.