Охирги янгиликлар

Аҳолига кўмир қачон тарқатилади? Жамият

Бир танишимнинг 800 сўмдан кўмир олиб, қишга захира қилиб қўяётгани муҳокамага сабаб бўлди. Биров "Нега бунча қиммат олдинг?" деса, яна биров "Ҳали аҳоли учун арзон нархда ҳам келади-ку", дейди. Кўмир олиб қўйган киши эса саволга савол билан жавоб берди: "Қани ўша арзон кўмир?"
Ўтган йил куз-қиш мавсумида юзага келган кўмир танқислиги, айрим туманларда декабргача ҳам аҳолига тўлиқ етказиб берилмагани ушбу мавсумда аҳолини ҳозирданоқ қиммат нархда бўлса-да, кўмир жамғаришга ундади. Бу йил ҳам ҳалигача аҳолига кўмир тарқатилмаётгани турли саволларни юзага келтирмоқда. 

"Ўзбеккўмир" очиқ акциядорлик жамияти "Самарқанд кўмир етказувчи" унитар корхонасига ана шу саволлар билан мурожаат қилдик. 
- Бу йил ҳам аҳолига давлат томонидан қатъий белгиланган нархларда кўмир тарқатилади, - дейди корхона масъул ходими Шерзод Рашидов. - Вилоятимизда худди шу иш учун еттита база тайёр ҳолга келтирилган бўлиб, жорий йилнинг биринчи октябридан бошлаб аҳолига бир килоси учун 156 сўмдан кўмир сотилади. Бунинг учун фуқаролар Самарқанд шаҳри, Булунғур, Жомбой, Нарпай, Паст Дарғом, Каттақўрғон туманларидаги кўмир омборларига мурожаат қилишларим лозим. 

Ушбу корхона вакилининг тушунтиришича, омборлардан кўмир олиш тартиби худди ўтган йилдагидек бўлади. Яъни, кўмир олиш учун фуқаро маҳалла раисининг тегишли маълумотномаси билан мурожаат қилади. Ушбу мавсумда аҳолига 57 минг тонна кўмир, 23 минг тонна брикет тарқатиш белгиланган.
Фуқаро кўмир олиш учун яшаш жойига энг яқин омборхонага мурожаат қилади ва маҳалла фуқаролар йиғини тақдим этган рўйхат асосида унга кўмир берилади. Тўлов омбордаги касса аппарати ёки терминал орқали амалга оширилади. 

Бир қарашда ҳаммаси рисоладагидек, эрта-индин омборларга кўмир келиб, аҳоли бемалол ўзига керакли ёнилғини оладигандек. Шундай бўлса жуда яхши, албатта. Аммо кўчаларда, барча туман ва шаҳарларда кўмирнинг килоси 800-1000 сўм бўлиб турган вақтда омборлардаги кўмирнинг "уддабуронлар" қўлига ўтиб кетмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди.

Дарвоқе, ана шу кўчадаги кўмир сотувчилар маҳсулотни қаердан олаётгани бир вақтнинг ўзида ҳам аниқ, ҳам жумбоқ. Аниқлиги шундаки, вилоятда юқоридаги 6 та кўмир омборидан бошқа жойда кўмир йўқ. Агар танишингиз бўлса, омбордан хоҳлаганча кўмир олиб чиқасиз. Омбор ёнида 10 дақиқа кузатиб, тинимсиз кўмир олиб чиқаётган катта-кичик машиналарни кўриб ҳам бир хулосага келишингиз аниқ. Жумбоқлиги эса, бу кўрганларингизни исботлаш учун лабиринтдан чиқиб олишингиз зарур. Бу алоҳида мавзу ва унга кейинроқ тўхталамиз. 

Яна бир масала. Бугунги кунда вилоятдаги ижтимоий соҳа объектлари ҳали ҳам кўмир билан тўлиқ таъминланган эмас. Бунинг сабабини турлича изоҳлашади: "Кўмир тугаб қоляпти", "Омборда кўмир йўқ" ва ҳоказо. Аммо омборларда иш "қизиб ётгани" ҳолда ижтимоий соҳа объектлари ҳамон кўмир билан таъминланмаган экан, эртага аҳолига ҳам осон бўлмаса керак. Буни вақт кўрсатади.
Мақолага нуқта қўйган эдим, хонамга Ургут туманида яшайдиган курсдошим келиб қолиб, салом-аликдан сўнг "вилоятда ишлайсан, кўмир омборида танишинг йўқми? Қишлоғимизда кўмир кукунини 350 сўмдан сотишяпти. Омборнинг ўзидан олсам, арзонроққа тушадими девдим...", деди. Қизиқ, омборларда йўқ кўмир кукуни Ургутнинг қишлоқларига қаердан боряпти экан? 
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
"Зарафшон" мухбири.