Охирги янгиликлар

Бекатдаги нотўғри харита Жамият

Жорий йилнинг Наврўз умумхалқ байрами кунлари Самарқанд шаҳрида Темирйўл вокзалидан Сартепа масканига қадар трамвай йўли қурилиб, фойдаланишга топширилди. Трамвай йўналиши бўйича замонавий бекатлар қад кўтариб, улар ўтирғич ҳамда Самарқанд шаҳридаги тарихий меъморчилик обидаларининг суратлари ва шаҳар харитаси билан жиҳозланди. Бу йўловчилар ва айниқса, меҳмонлар учун жуда қулай бўлди.
Фақат бекатларга осиб чиқилган Самарқанд шаҳрининг харитаси киши кўнглини ранжитади-да. Хусусан, "Тарих музейи" бекатидаги харитада аввало, унинг қутблари кўрсатилмаган. Аслида шаҳарнинг ўртасида жойлашган Амир Темур кўчаси харитада Темирйўл вокзали билан боғлайдиган кўча (Беруний кўчаси ўрнида) сифатида акс этган. Бўстонсарой кўчасининг ярми шу номда бўлиб, унинг ярми Йўлдош Охунбобоев кўчаси, деб қайд этилган. Устига-устак Бўстонсарой кўчаси Амир Темур кўчасига нисбатан жойлашган ўрни нотўғри акс этган.
Темирйўл вокзалига туташган Беруний кўчаси кўрсатилмаган.
Айрим кўчалар номи хато ёзилган. Масалан "KLAVIKXO" деб хаританинг масштаби кўрсатилмаган. Шартли белгилари ҳам чалакам-чатти ёзилган. Яъни, аэропорт харитада ифодаланмаган бўлса-да, шартли белгиларда кўрсатилган.
Булар бир назар ташлаганда топилган хатолар. Чуқурроқ ўрганилса, яна кўп нотўғри битиклар мавжудлиги аниқланса, ажаб эмас.
Ўрнатилган қоидага кўра, ҳар қандай харитада уни тузган муаллиф ва тегишли ташкилот номи (манзили) баён этилиши шарт. Бекатдаги харитада бу талабларга ҳам риоя қилинмаган.
Бекатдаги бундай нотўғри харита шаҳримизга илк бор ташриф буюрган меҳмонни чалғитади. Шу боис ушбу хариталарни алмаштириш лозим.
Йўлдош СУЮНОВ.