Охирги янгиликлар

Халқ қабулхонасида қўшработликларнинг муаммолари ечим топмоқда Жамият

Қўшработ тумани Чинор маҳалласида истиқомат қиладиган Роза Ниёзова беш фарзандини ёлғиз ўзи тарбияламоқда. Кам таъминланган оилалар рўйхатида туради. Қариндош-уруғ, маҳалла ҳол-аҳвол сўраб турса-да, моддий муаммолар ечимида барибир ёрдамга муҳтож бўлиб қолди.
– Рўзғор тебратиш осон бўлмаяпти, – деди Роза опа Қўшработ туманидаги Халқ қабулхонаси мудири билан юзма-юз бўлгач. – Моддий томондан ёрдам бўлса, оёққа туриб олармидик. Бирор йўл кўрсатарсизлар, дея сизларга мурожаат қиляпман.
Халқ қабулхонасида мурожаатчидан ариза қабул қилиб олингач, масала ўрганишга киришилди. Роза Ниёзованинг оилавий шароити, моддий ёрдамга муҳтожлиги ҳақида мутасаддиларга маълум қилиниб, аёлнинг оиласига ҳомийлик асосида ёрдам кўрсатиладиган бўлди.
– Қабулхонамизга 2017 йилнинг 1 октябрига қадар 1 480 та мурожаат келиб тушди, – дейди Халқ қабулхонаси мудири Абдуҳамид Қобилов. – Мурожаатларнинг 1 243 таси Халқ қабулхонасида кўриб чиқилиб, тушунтириш берилди. 236 та мурожаат ҳудуддаги ташкилотларга юборилиб, улардан 215 таси қисқа муддатларда қаноатлантирилди. 22 та мурожаат кўриб чиқилмоқда.

Энг кўп мурожаатлар уй-жой, ер билан таъминлаш масаласида бўляпти. Иш билан таъминлаш масаласида 219 та, моддий ёрдам олиш бўйича 118 та ариза қабул қилинди. Мурожаатлар мутасаддилар иштирокида ўрганилиб, қисқа муддатда ижобий ҳал этилмоқда. 
Мурожаатлар статистикаси Халқ қабулхонасига жисмоний ва юридик шахслардан пенсия ва нафақалар, газ, электр энергияси, коммунал тўловларни ҳисоблаш, алимент масаласи, соғлиқни сақлаш, ички ишлар фаолиятига оид, йўл қурилиши, кредит олишдаги муаммолар, тадбиркорлик ҳуқуқларининг бузилиши, суд ижросига оид, банк-молия масалалари, қурилиш соҳаси ва бошқа масалаларда ариза, шикоятлар келиб тушганини кўрсатмоқда. 
– Ўғлим коллежни тугатди, – дейди Пангат маҳалласида яшовчи А.Иброҳимов. – Уни соҳа бўйича ишга жойлаштиришда муаммога дуч келдик. Тумандаги мутасадди ташкилотларга бордим, ҳал бўлмади – ўғлим ўқиган ихтисослик бўйича иш топилмади. Халқ қабулхонасига келсам, ўша ташкилотлар раҳбарлари ҳам шу ерда экан. Яна ишим битмайдиган бўлди, деган хаёлга бордим. Йўқ, биргалашиб чорасини топишди. 

Fолиб АБДУСАЛОМОВ.