Охирги янгиликлар

Муаммолар бор улар ўз ечимини топмоқда Жамият

Вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи сектори таркибига кирувчи Қўшработ туманида аҳоли билан мулоқот чоғида аниқланган      муаммо ва ечимини кутаётган масалалар ижобий ҳал этилмоқда.
Тумандаги 39 та маҳаллада тўртта сектор томонидан кам таъминланган оилалар ва бошқа муаммоси бор фуқароларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Албатта, бу эзгу ишлардан туман аҳолиси мамнун.
Туман прокурори Ў.Раҳматов сектори таркибидаги Булоқбоши маҳалласида яшовчи Раҳмон Мирзонов ҳам ана шундай инсонлардан. Унга яқинда ногиронлик аравачаси тақдим этилди.
– Кексайган сари касаллик ҳам одамни осон енгар экан, – дейди О.Мирзонов. – Ногирон бўлиб қолганимдан кейин ҳаракатланишга анча қийналаётгандим. Бир куни уйимизга одамлар келиб, мендан ҳол-аҳвол сўрашди. Шунда ногиронлик аравачасига эҳтиёжим борлигини айтгандим. Тўғриси, шунчаки сўрашди, деб ўйлагандим. Менга ногиронлик аравачаси тақдим этишганида халқ билан мулоқот бежиз эмаслигига амин бўлдим.
Туман прокурори секторидаги маҳаллаларда олиб борилган мулоқотларда 76 нафар ногирон, 82 нафар кам таъминланган, 50 нафар боқувчисини йўқотган фуқаролар аниқланган. 64 нафар фуқаро турли муаммолар бўйича мурожаат этган. Ушбу масалаларнинг 25 таси жойида ҳал этилди, 39 таси "Йўл харитаси"га киритилди. 
Айни вақтда туманда барча секторлардаги ўрганишлар натижасида "Йўл харитаси" ишлаб чиқилган. Унда 77 нафар фуқаронинг ижтимоий ҳимояси, 46 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланиши, 26 километр ички йўллар ва 21 та объектнинг капитал таъмирланиши кўзда тутилган. Масъул шахслар ва муддатлар белгиланган. Ушбу чора-тадбирларнинг тахминий молиявий қиймати 45,7 миллиард сўмни ташкил этади.
Ғолиб АБДУСАЛОМОВ.