Охирги янгиликлар

Ёлғон рақам даромад эмас Жамият

30 октябрь куни мамлакатимиз Бош вазири А.Арипов олиб борган пахтани ёғин-сочин кунларга қолмай йиғиб-териб олишга бағишланган фавқулодда селектор йиғилишида иштирок этдик.
Очиғи, йиғилишда айтилган гапларни тинглаб, суяги пахта далаларида қотган ва соҳада кўп йиллик тажрибага эга деҳқон-фермер сифатида бир жиҳатдан, уятдан юзимиз қизарди, иккинчи жиҳатдан, бундай қинғирликларни фош этган Президентимизга раҳмат айтдик. 
Гарчи, қишлоқ хўжалиги тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самаралари натижасида пахта етиштиришда деҳқон улкан имкониятларга эга бўлган, пахтадан олинадиган даромад мамлакатимиз, халқимиз, айниқса, фермерлар, қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари учун нақадар катта иқтисодий фойда келтираётган бўлса-да, айрим жойларда қўшиб ёзиш, сохта маълумотлар бериш ҳолатлари борлиги маълум бўлди. 
Еримиз баракали. Унда нафақат пахта битади, балки мамлакат таянчи, иқтисодиёт суянчи, элнинг ризқи, насибаси юз очади. Шунинг учун ҳам пахта ўзбекка бағоят азиз.

Ерга чигит тушган кун байрам қилиниши, ғўза униб чиққан дақиқадан бошлаб, деҳқон ҳаловатини йўқотиши ҳам шундан. Fўзаси гуллаганда деҳқоннинг қувончи-ю, пахта очилган дақиқадаги севинчини англамоқ учун юрагинг оқ пахтадай беғубор бўлмоғи керак. Деҳқон қалби ҳам пахтасидек оқ. Шундан унинг йўли равон, манзили нурли. 
Бир вақтлар пахта етиштириб, уни сув текинга бировларга қўшқўллаб тутқазиб, тағин таъна-маломатларга қолган деҳқоннинг бугун қадди тик. У еру мулкка соҳиблиги, ҳалол меҳнати, тадбиркорлиги, сифатли маҳсулоти билан дунё бозорини забт этмоқда. Даромади йилдан-йилга ортмоқда. Бу пахта туфайли, пахтанинг баракасидан. 
Ҳали эсимиздан чиққани йўқ. Ўтган асрнинг олтмишинчи-саксонинчи йилларида пахта йиғим-терими уч-тўрт ойга чўзиларди. Декабрь ойларида ҳам кўсак теравериб, қўллари ёрилган, чаноқлар тирноқларини кесиб юборган, изғиринлар юзларига тўр ташлаган аёлларимизни эсласак, ҳалигача этимиз увишади.

Бугун-чи? Бугуннинг деҳқони чигитни танлаб, саралаб, тезпишарини экяпти. Пахта қийғос очилгач, бир-бир ярим ойдаёқ терим поёнига етяпти. 
Халқимизда "Оқлик – поклик", деган нақл бор. Қолаверса, оқ йўл, оқ ният тилаш бизда азалий удум. Шу боис пахтага алоҳида меҳр қўйганмиз. Шу боисдан чигитни заминга қадашдан олдин пок ният қиламиз.
Асл деҳқон ҳар туп ғўзасини фарзандидай эркалайди. Бир тўп ғўза лат еса ҳам дили ачишади. Айниқса, шундай пайтлар бўлдики, деҳқончиликдан хабари йўқ олғирлар фермер бўлиб олиб, ишламасдан, минерал ўғитларни сотиб, бировнинг ҳисобидан ёки кўзбўямачилик билан режани тўлдириб, давраларнинг тўрида ўтиришди. Ўшандай пайтда умрини ерга бағишлаган бизга ўхшаган деҳқонларга нечоғлик алам қилганини ёлғиз ўзимиз биламиз.
Шукрким, Президентимиз соҳани тубдан ислоҳ қилишни бошлади. Хусусан, пахтачиликдаги иқтисодий муносабатлар такомиллаштирилди. Қўшимча даромадга имкон яратилди.

Ана шундай пайтда ҳам кўзбўямачилик, қўшиб ёзишга йўл қўяётганлар халқимизнинг ҳалоллик каби қадриятини топтаган кимсалардир.
Пахтакорга бу йил Худо берди. Ҳосил фақат бизда эмас, барча туманларда, вилоятларда мўл ва сифатли бўлди. Бутун эл ёрдамга келяпти. Теримга ҳақ тўлашнинг кундалик тизими яратилди. Тарози жойлари ва пахта заводларида жамоатчилик назорати, электрон кузатувлар йўлга қўйилди. Айтинг-чи, бу шароитда қўшиб ёзишга эҳтиёж бормиди?
Пахта режасини бажариш бу – мусобақа, шон-шуҳрат эмас. Унинг замирида қишлоқ аҳлининг, қолаверса, бутун давлатнинг даромади, фаровонликнинг манбаи турибди.
Ҳосилни увол қилиш, режа ижросига қўшиб ёзиш ўз оёғига болта уриш билан баробар. Биз бундай ножўя ҳаракатни қаттиқ қоралаймиз ва ҳамкасбларимизни бу хил нопокликка йўл қўймасликка чорлаймиз.
Зайнаб ҲАЙДАРОВА,
Нарпай туманидаги
"Меҳнат – роҳат" фермер
хўжалиги бошлиғи.
Содиқ ҲАҚБЕРДИЕВ,
Нарпай туманидаги "Пахтакор" фермер хўжалиги бошлиғи.
Тоштемир ҲАЙИТОВ,
Каттақўрғон туманидаги
Жума Ҳайитов номли муқобил МТП раиси.
Элибой ТАНИЕВ,
Паст Дарғом туманидаги
"Имсим момо" фермер хўжалиги бошлиғи.
Яхшибой ҲАСАНОВ,
Иштихон туманидаги
"Асалчи Элдор" фермер
хўжалиги бошлиғи.