Охирги янгиликлар

Бир кунда 153 нафар маст ҳайдовчи аниқланди улар орасида мактаб директори ҳам бор Жамият

Вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан транспорт воситалари ва пиёдалар, жумладан, болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари, турли қоидабузарликларнинг олдини олиш борасида изчил чоралар олиб борилмоқда.
Ўтган ҳафта – 28 октябрь куни вилоят миқёсида йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир давомида 1060 та қоидабузарлик аниқланди. Шундан 153 таси маст ҳолатда автомобиль бошқариш, 184 таси тегишли ҳужжатларнинг йўқлиги, 165 таси одам ташиш талабларини бузиш, 107 таси йўл белгиларига амал қилмаслик,123 таси тезликни ошириш ва бошқа турли қоидабузарлик ҳолатлари билан боғлиқ.  
– Ҳаракатланиш хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатаётган яна бир ҳолат борки, бу пиёдаларнинг йўл қоидаларига риоя қилмаслиги билан боғлиқ, – дейди вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Абдунаби Носиров. – Йўлдан ўтаётганда мобиль телефонлардан фойдаланиш, қулоққа турли мосламаларни тақиб олиб, ён-атрофга эътибор бермаслик ҳолатлари, айниқса, бу талаба ва ўқувчилар орасида "урф" бўлаётгани турли нохуш ҳолатларга сабаб бўлмоқда.
Бир кунлик тадбирда маст ҳолатда автомобиль бошқарганлиги аниқланган ҳайдовчилар билан суҳбат ўтказилганда, уларнинг 5 нафари тадбиркор, 1 нафари мактаб директори, 107 нафари вақтинча ишсизман, деб ўзини таништирди. 8 та автомобиль корхона ва ташкилотларга тегишли хизмат машиналаридир. З та ҳолатда трактор ҳайдовчиларининг спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги аниқланди.  
Шу куни ўтказилган тезкор тадбир давомида 396 та транспорт воситаси жарима майдонига қўйилди.

А.ЭРГАШЕВ, 
вилоят ИИБ ТИ ва АТБ катта инспектори.