Охирги янгиликлар

Ҳар бир мурожаат – эътиборда Жамият / Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Бугун замон ўзгарди. Одамлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини англаб, улар учун адолатни юзага чиқариш имконияти яратилди. Президентимиз жойларда Халқ  қабулхоналарини ташкил этиб, ушбу нуфузли идораларга халқнинг манфаати учун одилона иш юритиш вазифаси юклатилди. Биз Ўзбекистон Республикаси Президентининг Каттақўрғон шаҳридаги Халқ қабулхонасида бўлиб, қабулхона мудири Ҳамротош ШОДИЕВА билан фуқароларнинг мурожаатлари, уларнинг талаб ва истакларини рўёбга чиқариш борасидаги саъй-ҳаракатлар, қайта мурожаатларнинг сабаблари тўғрисида суҳбатлашдик.

– Жорий йилнинг ўтган даврида Каттақўрғон шаҳар Халқ қабулхонасига 1780 та мурожаат келиб тушди, – дейди Ҳ.Шодиева. – Мурожаатларнинг 10 таси юридик шахслардан, 1770 таси жисмоний шахслардан. Ҳудудий ташкилотларга юборилган мурожаатлар бевосита Халқ қабулхонасининг аралашуви билан мутасаддилар иштирокида тезкор ўрганилиб, қаноатлантирилмоқда, тушунтиришлар берилмоқда. 
– Қаноатлантирилган мурожаатларни мисоллар асосида изоҳлаб берсангиз.

– Каттақўрғон шаҳар Амир Темур маҳалласида яшовчи, қаровчиси йўқ, ёлғиз пенсионер Галина Нурмонова "Саховат уйи"га жойлаштиришда ёрдам сўраб мурожаат қилди. Хоҳишига кўра онахон Тошкентдаги уруш ва меҳнат фахрийлари республика пансионатига жойлаштирилди. Дамариқ маҳалласида яшовчи Барно Исматова ўғли М.Исматовнинг бундан 8 йил олдин Россияга жўнаганича бедарак кетганини айтиб, уни топишда ёрдам сўраб, мурожаат қилди. Мурожаат Каттақўрғон шаҳар ИИБ бўлимига юборилиб, ички ишлар ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан Б.Исматованинг фарзанди бағрига қайтарилди. Ермачит маҳалласида яшовчи Хайринисо Шукурова ўғли Дилшод Пирназаровнинг енгил автомашинаси Каттақўрғон шаҳар ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан жаримага тортилганидан норози бўлиб, ариза ёзган. Фуқаронинг мурожаати Каттақўрғон шаҳар судига юборилгач, масала ўрганилиб, фуқаронинг ҳақлиги ўз исботини топди ва автомашина эгасига қайтарилиши таъминланди. 
– Халқ қабулхонасига келиб тушаётган такрорий мурожаатларнинг сабаблари нимада?

– Такрорий мурожаатлар тўғрисида гапиришдан олдин шуни айтмоқчиманки, ҳар бир фуқаро мурожаат қилишга ҳақли. Ариза ва шикоятларни қабул қилмасликка, уларни чеклашга ҳақимиз йўқ. Бироқ Халқ қабулхонасига бўлаётган такрорий мурожаатларнинг аксарияти қонуний асосга эга эмас. Бундан ташқари, айрим фуқароларга имкон қадар мурожаатни ҳал этиш борасида қилинадиган таклифлар улар томонидан рад этилиб, Халқ қабулхонасига ва юқори ташкилотларга қайта-қайта мурожаат қиладилар. Масалан, Дамариқ маҳалласида яшовчи Г.Ҳайдарованинг (фамилия ўзгартирилган) мурожаатини олайлик. Бундан ўн йил олдин фуқаронинг марҳум тоғаси ҳарбий савдо бўлимидан савдо дўкони очган, лекин қарздорлик туфайли ушбу дўконни бошқа шахсга сотишга мажбур бўлган (дўкон сотилганлиги тўғрисида нотариал идоранинг муҳри бор). Г.Ҳайдарова шу дўконни қайтариб олишда ёрдам сўраб қайта-қайта мурожаат қилмоқда. У олди-сотди шартномаси ноқонуний бўлган, менинг қўлимдаги қарор қонуний деб ўз сўзида туриб олган. Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг унинг раъйига бориб, бошқа жойдан савдо дўкони қуришга ер ажратиб бериш ҳақидаги таклифини ҳам қабул қилмаяпти. Ахир нотариал идора томонидан имзоланган олди-сотди шартномасини бекор қилиб бўлмайди.
Чинобод маҳалласида яшовчи Сабоҳат Раупова "Қизимнинг оиласи бузилди, маҳалла аралашиб, оилани сақлаб қолишда ёрдам бермади", дея маҳалла раиси устидан шикоят қилиб келган. Маҳаллада эса она қизининг оиласига ноҳақ аралашиб, уни ажратиб олганини айтишяпти. "Мурожаатим атрофлича ўрганилмади", деб С.Раупова такроран мурожаат қилди. С.Раупованинг шикояти вилоят ҳокимининг ўринбосари М.ўафурова иштирокида қайта кўриб чиқилди. Аниқланишича, маҳалла раиси эр-хотинни яраштиришга бир неча бор ҳаракат қилган. Лекин она қудаларидан ёшларга алоҳида уй олиб беришни талаб қилиб, шундагина қизини қайтаришини айтиб шарт қўймоқда.  

Маълумот Ўрнида: Соҳалар бўйича таҳлил қилинганда, мурожаатларнинг 189 таси уй-жой, ер билан таъминлаш, 224 таси коммунал тўловларнинг нотўғри ҳисобланганлиги, 106 таси газ, электр энергияси ва сув таъминоти, 116 таси иш билан таъминлаш, 92 таси пенсия ва нафақалар, 174 таси прокуратура фаолияти, 134 таси ички ишлар фаолияти, 123 таси алимент, 104 таси моддий ёрдам, 74 таси соғлиқни сақлаш, 42 таси кредит ва бошқа масалаларда бўлган. 
Азим ҚОДИРОВ.