Охирги янгиликлар

"Қора ташвишлар" кўмир ғамлаш муаммоси бартараф этиладими? Жамият

Бундан бир ярим ой олдин "Ўзбеккўмир" очиқ акциядорлик жамияти "Самарқанд кўмир етказувчи" унитар корхонаси вакили билан суҳбатлашиб, бу йил 1 октябрдан эътиборан аҳолига 156,6 сўмдан кўмир тарқатилишини эълон қилгандик. Белгиланган сана келгач, аҳолидан қўнғироқлар бўла бошлади: "Кўмир йўқ дейишди-ку", "Қачон кўмир келаркан?" ва ҳоказо…
Ўтган йиллардаги кўмир танқислиги, баъзи жойларга декабргача ҳам кўмир етказиб берилмагани сабабли "қора ташвиш"нинг аҳолини безовта қилиши табиий ҳол, албатта. Бунинг устига омборларда кўмир бўлмагани ҳолда бир қатор ҳудудларда кўмир савдосига дуч келганимиз, айрим туманларда кўмир кукуни етказиш "бизнес"га айланиб улгургани сир бўлмай қолди. Кўмир аҳоли учун давлат томонидан имтиёзли нархларда берилиши кўзда тутилгани ҳолда "кўча сотувчилари" уни 1000 сўмдан сотиши инсофдан эмас-да. 

Ниҳоят октябрь ойининг ўрталаридан аҳоли учун ҳам кўмир тарқатила бошланди. Дастлаб вилоятнинг чекка, тоғли ҳудудларига маҳсулот етказилган бўлса, эндиликда барча туманлар кўмир ола бошлади. Расмий ҳисоботларда аллақачон 23 минг тоннадан зиёд кўмир аҳолига тарқатилгани айтилмоқда. Мисол учун, бу йил вилоят бўйича аҳолига 80 минг тонна кўмир етказиш режалаштирилган. Шундан 23 минг тонна брикет, 57 минг тонна кўмир бўлса, демак, энди аҳоли 34 минг тонна кўмир олиши керак. Тўғри, сўнгги ҳафталарда айрим ҳудудларда аҳоли кўмир ола бошлади. Аммо бу аллақачон йиллик кўмир тарқатиш режасининг тўртдан бир қисми дарров аҳолига тарқатилгани борасида шубҳаларга сабаб бўлмоқда. Юқорида айтганимиздек, кўчаларда учраб қоладиган кўмир савдоси бу шубҳа оловига мой сепиши аниқ.

Дарвоқе, мазкур ҳолат бўйича шу йил 26 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Кўмирчилик соҳаси корхоналари фаолияти самарадорлигини ошириш ва бошқарув структурасини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорида ҳам танқидий ёндашувни кўриш мумкин. Хусусан, ҳужжатда "Ўзбеккўмир"нинг амалдаги кўмирчилик соҳаси бошқаруви тизими талабга жавоб бермайди. Жумладан, республика аҳолисини ҳамда ижтимоий объектларни талаб қилинган миқдор ва сифатдаги кўмир маҳсулотлари билан таъминлашда камчиликларга йўл қўйилган. 
Ушбу қарор асосида "Ўзбеккўмир" ва "Шарғункўмир" корхоналари "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти таркибига қўшилди. Шунингдек, маҳсулотни сотиш ва етказиш бўйича "Кўмир таъминот" ягона корхонасининг ташкил этилиши маъқулланди. Эндиликда вилоятимизда аҳолига тарқатиладиган кўмирни Темирйўл ёнилғи таъмир бошқармаси Самарқанд бирлашган ёнилғи хўжалиги етказиб беради. 

– 15 октябрдан эътиборан аҳолига кўмир тарқатишни бошлаган бўлсак, кун сайин маҳсулот ҳажмини ошириб боряпмиз, – дейди хўжалик директори ўринбосари Азиз Турсунов. – Ҳозирга келиб, деярли ҳар куни 20-30 вагон юк келиб тушмоқда. 2 ноябрдан эътиборан қарийб барча туманлар аҳолиси маҳсулот олиш имконига эга бўлди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, агар режалаштирилган 80 минг тонна маҳсулот аҳоли эҳтиёжи учун камлик қилса, "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамиятига талабнома юборилиб, қўшимча равишда маҳсулот етказилади.

Мутахассиснинг фикрича, аҳолига эҳтиёж қоплангунга қадар маҳсулот етказилгач, ноқонуний кўмир савдоси ўз-ўзидан барҳам топади. Шунингдек, бундай ҳолатларнинг олдини олишда жамоатчилик назоратининг ҳам ўрни муҳим. Аҳоли учун белгиланган имтиёзли нарх ва қора бозордаги маҳсулот нархи ўртасидаги тафовут кўмирга эҳтиёжи бўлмаган айрим фуқароларнинг ҳам маҳсулот олиб, сотувга чиқаришига сабаб бўлиши мумкин. Яқин орада Самарқандда кўмир савдоси билан шуғулланадиган дўконлар фаолияти йўлга қўйилади. Чунки бугунги кунда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларидан ташқари, бир қатор тадбиркорларда ҳам кўмирга талаб бор. Бу ҳам соҳадаги муаммоларни бартараф этишда яна бир қадам бўлади.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
"Зарафшон" мухбири.