Охирги янгиликлар

Камчиликлар бартараф этилди Жамият

"Зарафшон" газетасининг 2017 йил 19 сентябрь, 117-сонида чоп этилган "Остонада қиш: Вақт кутиб турмайди" сарлавҳали мақолада кўрсатилган ҳолатлар Каттақўрғон шаҳар прокуратураси томонидан ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, шаҳардаги Амир Темур номли маҳаллада жойлашган кўп қаватли 9-уйни 186 миллион 37,2 минг сўмга таъмирлаш мақсадида "Дилором Пардаева" хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ва "Ал-Азим" хусусий савдо-ишлаб чиқариш фирмаси ўртасида 2017 йил 6 майда тузилган 11-сонли пудрат шартномага асосан, ушбу кўп қаватли уйнинг том қисми тўлиқ ёпилган. Йўлакларни бетон қилиш учун шағал тош тўкилган, атроф ва лотоклар бегона ўтлардан тозаланган, омборхоналар олиб ташланган, чиқиндилар чиқарилиб, болалар майдончаси ободонлаштирилган.
Шунингдек, 11 ва 12-уйнинг том қисми "Ал-Азим" ХСИЧФ томонидан ёпилмоқда. Тузилган шартномага кўра, таъмирлаш ишларини тугатиш 2017 йил 31 декабрга қадар белгиланган.

Мақолада келтирилган 12-уйнинг электр симлари шаҳар электр тармоқлари корхонаси мутахассислари томонидан тартибга келтирилди, электр щитлардаги мавжуд муаммолар бартараф қилинди.
Каттақўрғон шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими маълумотига кўра, шаҳардаги кўп қаватли уйлар, хусусан, 9 ва 12-уйларда ҳам иссиқлик тизими мавжуд эмас. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги "2018-2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури тўғрисида"ги қарорига асосан шаҳарда 2018 йилдан бошлаб, ишдан чиққан магистрал, иссиқлик тармоқларини модернизация қилиш ишлари ва кўп хонали уйлар учун хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва кредит маблағлари асосида локал қозонхоналар қуриш 5 йиллик дастури ишлаб чиқилмоқда. Ушбу дастурга асосан иссиқлик тизимидаги мавжуд муаммолар бартараф қилинади.

Президентимизнинг 2017 йил 22 июндаги "Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳасини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда вилоят ҳокимининг 2017 йил 24 июндаги 330-Қ-сонли қарорларига мувофиқ, шаҳардаги халқ таълими муассасаларига 69 тонна кўмир брикети берилиши режалаштирилган. Шундан шаҳар прокуратураси аралашуви билан 13-умумтаълим мактабига 15 тонна кўмир брикети етказиб берилди. Қолган муассасаларга ҳам кўмир етказиш прокуратура томонидан назоратга олинди. Аҳолига кўмир маҳсулотлари куз-қиш мавсумида босқичма-босқич бериб борилади.

Э.ШАРИПОВ,
Каттақўрғон шаҳар прокурори,
адлия маслаҳатчиси.