Охирги янгиликлар

Қабристон хароба бўлса… Жамият

Жаҳонгашта донишмандлардан бири қайси мамлакат ёки шаҳарга бормасин, энг аввало, ўша жойнинг қабристонини бориб кўрар ва аҳволига қараб, бу ерда яшаётган халқнинг етуклиги, турмуш тарзи, илмли ёки илмга муҳтожлигини англар ҳамда юрт хусусида хулосалар чиқараркан.
Бир куни у довруғи оламга кетган шаҳарнинг хароба бўлиб ётган қабристони қаршисидан чиқиб қолибди ва секингина ортига қайта бошлабди. Шу пайт шаҳар ҳокими бошчилигидаги аъёнлар учраб қолибди-ю, унинг нима сабабдан бундай тез ортига қайтгани важини сўрашибди.
– Шаҳрингда яшаётган халқ ўзига тўқ бўлгани билан маънан қашшоқ, нодон ва илмсиз, – дея хароба қабристонни кўрсатибди донишманд. – Қабристонлари хароба юртнинг ўзи ҳам хароба, халқи меҳр-оқибатсиз бўлади. Вақт-соати келса, ҳаммамиз қўним топадиган макон тириклигимизда шу хил хароба, қаровсиз экан, дунёдан ўтганимиздан сўнг бу ерга дафн қилинишимиз ақлга  сиғмайди.
Ўз аждодлари, жигаргўшалари жисми ётган қабристонга шундай муносабатда бўлган аҳолидан нима кутиш мумкин?
Шаҳар ҳокими ва унинг аъёнлари жим қолишди.
Муродим УМРЗОҚОВ.