Охирги янгиликлар

Қўлингиздаги "зараркунанда" эмасми? Жамият

Кейинги 20 йилда ҳаётимиз шу даражада шиддат билан ривожландики, замонавий технология кириб бормаган соҳа қолмади. Бугун кундалик турмушимизни ҳам ана шу воситаларсиз тасаввур қила олмаймиз. 

Яқинда телефон харид қилиш учун дўконга кирдик. Сотувчи бир неча ўн хил смартфонларнинг имкониятлари ҳақида тўлиб-тошиб гапириб берди. 
– Бу марканинг битта айби бор – фақат чой дамлаб бера олмайди, қолган ҳамма вазифани бажаради, – дея энг сўнгги русумдаги смартфонлардан бирини кўрсатиб, қочирим гап қилди. Албатта, нархи ҳам "капалагингизни учирадиган" даражада. 
Дарҳақиқат, чарчадингизми, марҳамат, мусиқа эшитинг, маълумот керакми, интернетга кирасиз, зерикдингизми, шу пайтнинг ўзида у сиз учун ўйинчоққа айланади. Ҳатто теледастурларни онлайн тарзда томоша қилишингиз мумкин. Бутун олам кафтингиздаги қутичада. 
Ҳозирда бундай матоҳлар нафақат катталар, балки ёш болаларнинг ҳам орзуси, айримларнинг эса севимли "ўйинчоғи"га айланган. Бироқ...
– Кейинги пайтда фарзанди руҳиятидаги ўзгаришлар туфайли мурожаат қилаётган ота-оналар кўпайган, – дейди психолог Наргиза Абдуманнотова. – Бу асосан, болаларнинг диққатни жамлай олмаслиги, хотирасининг пасайиши, ўзига ва атрофдагиларга ишончнинг йўқолиши, дўст тутина олмаслик, дарсларни ўзлаштиришда қийналиш, камгаплик, жиззакилик, тез жазавага тушиш, тажовузкорлик билан боғлиқ бўлмоқда. Кузатишларимиз ва таҳлиллар бу ўзгаришларга телефон ва ундаги ўйинларга қарамлик сабаб бўлаётганини кўрсатмоқда. Ота-оналар боласини хурсанд қилиш учун унга замонавий, қимматбаҳо телефон олиб беряпти-ю, фарзанди бу воситадан нима мақсадда, қандай фойдаланаётгани билан қизиқмаяпти. Оқибатда туну кун интернет орқали турли ижтимоий тармоқларда "дўстлар" орттираётган, ўйинларда қатнашаётган ўсмир бошқа оламга тушиб қолмоқда, хулқ-атвори бузиляпти.
Офтольмологларнинг фикрича, смартфон ўйинларига тобелик болаларда миопия (кўриш қобилияти пасайиши)нинг турли даражалари авж олишига сабаб бўлаётган экан. Демак, мўъжизакор, "ҳар ишга қодир" қутичани фарзандимизга тутқазишдан олдин унинг бу воситага эҳтиёжи борлигини, қандай мақсадда фойдаланишини, саломатлиги ва руҳиятига нечоғлик таъсир қилишини ўйлаб кўрайлик?
Сиз-чи, болангизнинг қўлидаги телефонни қачон кўздан кечирдингиз? У алоқа воситасими ёки "зараркунанда"га айланиб улгурганми? 

Бахтигул ҚАРШИЕВА.