Охирги янгиликлар

Улуғликка муносиб эҳтиром Жамият

Жиззахда 6 ноябрь куни Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирларда иштирок этиб, олам-олам таассуротлар  билан қайтдик. Вилоятимизнинг нуфузли делегацияси – буюк инсон билан бир даврда ишлаган кишилар бу улуғ шахсга мамлакатимизда муносиб эҳтиром кўрсатилганига чин дилдан хурсанд бўлдик.
Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Шароф Рашидов ҳақидаги маърузаси эзгулик, ҳалоллик, Ватанга хизмат, халқпарварлик тимсолининг энг гўзал шарҳи бўлди, десак адашмайман. Тўпланганлар Ш.Мирзиёевнинг нутқини бутун вужуди билан тинглаш баробарида кўнгилларида бу эзгу ишдан чинакам шукроналик ҳисини туйдилар.

Ш.Рашидовнинг ҳайкали очилиши ва у кишининг фаолияти юзасидан тайёрланган адабий-бадиий томошани кўриш жараёнида менинг хаёлимда ҳам бу улуғ сиймо билан боғлиқ хотиралар жонланди.
1959 йил Украинада армияда ҳарбий қисм штабида хизмат қилардим. Бир кун газетада ЎзКомпартия Марказий Қўмитасининг пленумида Шароф Рашидов Марказий Қўмитанинг Биринчи котиби этиб сайлангани ҳақидаги хабарни ўқиб қолдим. У кишининг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг раиси сифатида ижтимоий-сиёсий фаолияти ҳақида илиқ гаплар эшитгандим. "ўолиблар" қиссасини ўқиб, бу инсонга ғойибона меҳр ва ихлосим ошганди. Ўшанда ҳарбий қисмда миллатлараро дўстлик мавзусидаги тадбирда мендан Ўзбекистон ҳақида гапириб беришни сўрашди ва мен она юртимиз, меҳнаткаш халқимиз, унинг янги сайланган раҳбари Ш.Рашидов ҳақида тўлқинланиб сўзлаб бердим. Армиядан кейин СамДУга ўқишга кирдим ва Шароф Рашидов ҳам бизнинг филология факультетида ўқиганини эшитиб, фахрланиб кетдим.

Кейинчалик тақдир мени бу улуғ инсон билан юзма-юз учрашиш, оталарча панд-насиҳатларини эшитиш бахтига мушарраф қилди. Жомбой туман партия қўмитасининг иккинчи котиби эдим. Темирйўл Жомбой шаҳри қоқ ўртасидан кесиб ўтади. Нима бўлди-ю, 1965 йили юк поезди йўл ҳаракатини қўпол бузган ҳайдовчининг машинасига урилиб, тепловоз ва 4-5 та вагон ағанаб, темирйўл ишдан чиқди ва шаҳарнинг икки қисмини боғлаб турган йўл узоқ муддат ёпилди. Шаҳарда аҳвол ёмонлашди, ўқувчиларнинг темирйўлдан ҳатлаб мактабга ўтишлари, беморларни туман касалхонасига олиб бориш ниҳоятда қийинлашди, йўлни очиб бериш хусусида юқори органларга аризалар туша бошлади. Бу масалани ҳал этишни ҳеч ким зиммасига олмас эди. Бир куни Шароф Рашидов вилоятнинг биринчи раҳбари Бектош Раҳимов ҳамроҳлигида Жомбойга келди.  Вазиятни жойида ўрганишиб, муаммони ижобий ҳал қилиб бердилар. Худди ўша куни Бухоро – Тошкент темирйўлининг Жомбой тумани ҳудудида кўп йиллар олдин қурилган пастқамгина кўприк ўрнида бугунги ҳашаматли йўл ўтказгич қурилиши масаласи ҳам ҳал бўлган эди.

1978 йилда вилоят партия қўмитасининг мафкура бўйича котиби лавозимига тавсия этилдим. Партиявий интизом ва қоида бўйича ЎзКомпартия Марказий Қўмитаси котиблари ва ниҳоят, Шароф Рашидов суҳбатидан ўтишим керак эди.
Ҳозиргидек кўз ўнгимда, ҳаяжонимнинг чек-чегараси йўқ. Шароф Рашидовнинг хонасига кирганимда у ерда Марказий Қўмитанинг барча котиблари ўтирган экан. Котиблардан бири бу вазифанинг ғоят масъулиятлилигини таъкидлаш мақсадида мендан олдин обкомда котиб бўлиб ишлаган киши фан доктори, профессор бўлганига урғу берди. Шунда Шароф Рашидов "Нормуродов олим бўлмаса ҳам унинг амалий фаолияти бизга маъқул", деди ва мен котибликка тавсия этилдим.

Шароф Рашидовнинг қўллаб-қувватлаши менга дадиллик бағишлади ва узоқ йиллар вилоят партия қўмитасининг котиби бўлиб ишладим, улуғ инсоннинг ишончини оқлашга ҳаракат қилдим.
Шароф Рашидов катта лавозимда ишласа ҳам ғоят камтарин, одамохун, маънавий баркамол инсон эди. Самарқанд вилоятига келганларида каттаю кичик у кишини кўришга ошиқар эди. Чунки Шароф ака халққа меҳр бериб, меҳр оларди. 
1982 йил январь ойида вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби Бектош Раҳимовнинг фарзанди оғир касал бўлиб қолди. Бектош ака ота сифатида унинг ёнида бўлди. Вилоят биринчи раҳбарининг ишда йўқлигини билдирмаслик учун Шароф ака ўн кун давомида Самарқандда бўлди. Хизмат тақозосига кўра у киши билан бирга бўлиш, кундалик топшириқларни бажаришимга тўғри келди. 

Бу улуғ инсондан биз оддийликни, камтарликни ўрганардик. Шароф Рашидов учун Самарқанд шаҳрида махсус ҳамма шароитларга эга қароргоҳ қурилган эди. Лекин у киши бу масканда бирор кун ҳам турмади, темирйўл вокзалида оддийгина вагонда турмуш ўртоғи Хурсаной ўафурова билан тунар эдилар. Мана сизга ибрат, тарбия, улуғликнинг хокисорлик билан ёнма-ён бўлгани. Бу лаҳзаларни унутиб бўладими! 
Шароф Рашидовнинг иш услуби, каттаю кичикка ҳурмат билан қараши, биринчи раҳбар ва ижодкор сифатида нигоҳининг ўткирлиги, дунёқарашининг кенглиги ҳамма учун, айниқса, ёшлар учун катта ибрат эди.

Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан чиққан мақолалар, хотираларни ўқир эканман, барчамиз учун ибрат бўладиган лавҳаларга кўзим тушади. "Оила даврасида" газетасида Шароф Рашидов билан ёнма-ён ишлаган дўстим, ҳамкасбим Собир Қурбонов шундай ёзади: "Хурсаной ўафурованинг айтишича, Шароф Рашидов Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари этиб сайланган куни уйга жуда кеч қайтиб, хотинидан болаларни уйғотишни сўраган. Фарзандлари уйқу аралаш ювиниб, кийиниб оталарига қараб ўтирганларида, у киши шундай деган эканлар: "Болаларим, мен бугун катта бир мажлисдан ҳозиргина чиқиб келдим. Мени республиканинг биринчи котиби қилиб сайладилар. Энди бу оғир вазифада мен кимга суянаман? Биринчи навбатда, сиз, болажонларим менинг ёрдамчим бўлишингиз керак. Бунинг учун нима қилиш керак? Биринчи навбатда мактабда аъло баҳога ўқишингиз керак. Хулқ-атворингиз ҳам намунали бўлиши керак. Оилада темир интизом бўлмай туриб, мен қандай қилиб кўчада интизом ҳақида гапира оламан?"

Шароф Рашидов хассос шоир, журналист ва иқтидорли ёзувчи ҳам эди. Мен у кишининг "ўолиблар" қиссасини юқорида тилга олган эдим, шу қиссани қайта ишлаб, каттагина роман даражасига етказдилар. Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ортида қаҳрамонона меҳнат қилган халқ ҳаётига бағишланган "Бўрондан кучли" ва "Қудратли тўлқин" романларини яратдилар. Ижодкорнинг бу романларида фақат яхшилик, гўзал ҳаётни ўз кучи билан яратиш, ёшларни меҳнатсеварликка ўргатиш каби ҳаётнинг ўткир қирралари мадҳ этилади.
Булар ҳаммаси ёшлар учун ибрат манбаидир.
Ҳасан НОРМУРОДОВ,
"Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими кенгаши раиси.