Охирги янгиликлар

Йўқотилаётган миллиардлар Жамият

Кейинги ойларда маҳалламизда электр таъминоти бутунлай яхшиланиб, узилиш бўлмаётган эди. Нима бўлганини билмайман, ишдан келсам "свет" ўчибди. Шам, чироқ деган нарсаларни аллақачон эсдан чиқарган эканмиз, қўл телефонларидаги ёритгич билан амаллаб турдик. Тонг отгач, қаерда авария юзага келган бўлса, топиб бартараф қилинишидан умидвор эдим, аммо ундай бўлмади – кеч бўлди ҳамки электрдан дарак йўқ. 
Дам олиш куни эрталаб гап нимада эканини билиш учун маҳалла марказига йўл олдим. Кўчага чиқарканман, бутун қишлоқ аҳлининг бир вақтда ўз уйлари олдидаги дарахт шохларини бутаётгани, айримлар теракларни кесиб ташлаётгани яна бир янгилик бўлди. Ахир кузда терак кесилмайди-да. Кейин билсам, уч кундан бери электр йўқлиги ҳам айнан дарахтлар билан боғлиқ экан.  
Мутахассисларнинг айтишича, битта дарахт шохи юқори кучланишли электр симига тегиб турса, 5000 ватт токни ҳавога совуради. Агар дарахт электр линиясига яқин бўлиб, шамол вақтида унинг шохлари симга теккудай бўлса, минглаб хонадонларда кучланишнинг кескин пасайиши ёки кескин ортиши юзага келиб, электр жиҳозлар ишдан чиқади. Айнан шу сабаб билан яқинда хонадонимиздаги барча чироқлар, телевизор ва тюнер яроқсиз бўлиб қолганди. 

Хуллас, электр тармоқлари корхонаси вакиллари баҳорда келиб, аҳолини огоҳлантирган, ҳаво тармоғига яқин дарахтларни кесиш шартлигини уқтирган. Кузгача бундай огоҳлантириш яна икки марта такрорланиб ҳам натижа бўлмагач, маҳалламиз бутунлай тармоқдан узиб ташланибди. 
Болтани олиб, шохлари электр симига яқинлашиб қолган ёнғоқ дарахтига чиқарканман, бундан икки йил олдинги воқеани эсладим.

Аслида маҳалламизда илгаридан электр ўчиши кам кузатилади. Сабаби бу ҳудудда электрдан қарздор одамнинг ўзи йўқ. Тадбиркорми, бюджет ташкилоти ходимими, вақтинча ишсизми, фарқи йўқ, ойнинг сўнгги куни барча электр ҳақини тўлайди. Шунга келишилган. Бундан икки йил олдин эса бошқа бир ташаббус билан чиқдик. Электр тармоғи раҳбаридан бизнинг маҳаллага кириш жойида алоҳида катта электр ҳисоблагич қўйишни сўрадик. Шу ҳисоблагич электр токини қанча қайд этса, биз ҳам шунча тўлашимизни, аммо таъминотда узилиш бўлмаслиги кераклигини айтдик. Ҳисоблагич бизнинг ҳисобимиздан бўлди. Аммо ой сўнгида режаларимиз бузилиб кетди. Чунки ҳисоблагич ниҳоятда катта рақамни кўрсатиб турарди. Барча хонадонда ҳисоблагич бор, лекин улардаги кўрсаткич йиғиндиси билан асосий ҳисоблагич кўрсаткичи ўртасидаги тавофут ер билан осмонча. Буни ҳар бир хонадонга бўлиб чиққанда ҳам тўлашнинг ўзи бўлмайди. Маҳалламизда электр тармоғига ўғринча уланадиган хонадон йўқ, ҳисоблагичдаги рақам эса дарахт шохларининг электр симларига тегиб туриши натижасида юзага келадиган йўқотиш – "потерия" оқибати экан. 

Шундай қилиб, ўз ташаббусимиз билан ўрнатилган ҳисоблагич олиб ташланди. Ахир бу даражада ток йўқотилишини тасаввур қилолмасдик. Энди эса бир савол тинчлик бермайди: битта маҳаллада шунча электр энергияси йўқотилса, вилоят, республика миқёсида қанча маблағ ҳавога совуриларкан?
Такрор айтаман, кейинги ойларда электр таъминоти анча яхшиланди, бу гапни бошқа вилоятларда ҳам айтмоқда. Аммо бу ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Барча соҳаларда энергиятежамкор технологияларни татбиқ этиш, республика бўйлаб электр станцияларини модернизация қилиш, миллиардлаб маблағ эвазига электр энергияси ишлаб чиқаришни кенгайтириш каби саноқсиз лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ҳатто аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун қўшни Қирғизистон билан электр энергияси етказиб бериш борасида 25 миллион долларлик шартнома имзоланди. Куз-қиш мавсуми учун яна бир битим тузилди.
Хуллас, бундай мисоллар кўп. Бироқ электр энергиясидан фойдаланишга бўлган муносабатимиз шундайлигича қолса, яхшиланаётган таъминот аввалги ҳолга қайтиши эҳтимоли бор.
Анвар АҲМАДХОНОВ.