Охирги янгиликлар

Болага озор етказмай Жамият

– Дўхтир, болам тузаладими? Илтимос, даволаб беринг, яккаю ёлғизим шу ўғлим.
– Хавотир олманг, синглим. Бир-икки кунда операция қиламиз, фарзандингиз ҳали ҳеч нарсани кўрмагандек бўлиб кетади.
Операция сўзини эшитиб онанинг хавотири кучайди, кўз ёшларини тийиб тура олмади.
– Операция бу – сиз ўйлаган катта жарроҳлик амалиёти эмас, бу ишни замонавий усулда бажарамиз, – деди врач онани юпатиб. – Ўша куннинг ўзида болангизни уйга соғлом ҳолда олиб кетишингиз мумкин...

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида жорий йилнинг август ойидан лапороскопик ускуна ёрдамида каминвазив операцияларнинг ўтказилиши ота-оналарнинг шу каби хавотирларини камайтириб, болаларнинг қисқа фурсатда соғайиш имкониятларини оширди.
– 2014-2016 йилларда муассасамизда капитал реконструкция ишлари амалга оширилиши билан бирга замонавий тиббий жиҳоз ва ускуналар ҳам олинди, – дейди тиббиёт маркази бош врачи ўринбосари Дилшод Раҳмонов. – Жумладан, Германия KfW банки томонидан 2014 йилда 17 турдаги, жорий йилда эса 28 турдаги тиббий асбоб-ускуналар келтирилди. Ушбу жиҳозлар орасида болаларда каминвазив операцияларни ўтказишга мўлжалланган лапароскоп ускунасининг мавжудлиги болалар хирургиясида учрайдиган ўта мураккаб туғма нуқсонли ва орттирилган касалликларни илғор усуллар ёрдамида самарали даволаш имкониятини яратди. Янги ускуна ёрдамида жарроҳлик амалиётларини бажариш учун марказимиз ходимлари кейинги икки йил мобайнида бир неча марта Германия ва бошқа давлатларга бориб малака ошириб келди, ўқув семинарларда қатнашди. Ўз навбатида хорижлик мутахассислар иштирокида марказда ҳам ўқув-амалий семинарлар уюштирилди, ходимлар учун маҳорат машғулотлари ташкил этилди. 

Шу йилнинг август ойида марказда ўтказилган ана шундай халқаро анжуманда лапороскопик хирургия бўйича етук мутахассис, германиялик профессор Салмаи Туриал иштирок этиб болалар каминвазив хирургияси юзасидан ўзининг қимматли тавсияларини берди. Анжуманнинг амалий қисмида эса янги ускунада марказ ходимлари билан биргаликда тўрт жарроҳлик амалиётида қатнашди.

– Германияда малака ошириш жараёнида ҳам профессор Салмаи Туриалдан кўп тажриба ўргандик, – дейди тиббиёт маркази каминвазив хирургия бўлими эндохирурги Жаъфар Қурбонов. – Марказимизда ҳам янги ускунада илк операцияларда бу мутахассиснинг иштирок этиши бизга далда бўлди, шу билан бирга, ўз билим ва тажрибамизга ишончни мустаҳкамлади. Натижада ўтган қисқа вақт мобайнида муассасамизда 40 нафардан ортиқ бемор болалар қорин бўшлиғи ва кўкрак қафасида учрайдиган хасталикларни лапароскоп ёрдамида каминвазив йўл билан операция қилиб даволашга муваффақ бўлдик. Бу усулнинг энг муҳим афзаллиги шундан иборатки, терида операциядан кейинги жароҳатлар, чандиқлар бўлмайди, бемор бола шу куниёқ оёққа туради ва қисқа вақт давомида уйига кетиш учун рухсат берилади. Бу беморлар даволаниш курсини қисқартириб, сарф-харажатларнинг ҳам камайишига ёрдам беради. Операциядан кейинги асоратлар бир неча маротаба қисқаради. 
Марказда келгусида лапороскопик ускуна ёрдамида каминвазив операциялар турини кўпайтириш ва бу соҳада изланишларни давом эттириш кўзда тутилган.
F.МАТЛАБОВ,
А.ИСРОИЛОВ (фото).
Ширин хасталикнинг аччиқ асоратлари
Улардан халос бўлиш ўз қўлингизда
Қандли диабетга чалинган, аммо соғлом турмуш тарзига амал қила бошлаган кишиларнинг 90 фоизи бу касаллик билан узоқ умр кечиришлари мумкин. Ушбу хасталик билан оғриганлар сони кўпайган, бироқ уни даволаш учун ишлаб чиқарилаётган дори воситалари ҳам йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда.
Вилоят матбуот уйида мамлакатимиз миқёсида эълон қилинган қандли диабетга қарши курашиш ойлиги доирасида ўтказилган бу галги матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимларига ушбу хасталикнинг олдини олиш, беморларга кўрсатилаётган ёрдам ҳақида маълумот берилди. 
– Ҳар йили ноябрь ойида қандли диабетга қарши курашиш ойлиги эълон қилиниб, унда аҳоли орасида тиббий кўрик ўтказилиб, таълим муассасалари, корхоналарда хасталикнинг олдини олиш бўйича тарғибот ишлари олиб борилади, – дейди вилоят эндокринология диспансери бош шифокори Гулзода Негматова. – Бу йилги ойлик "Диабет ва аёллар" шиори остида ўтиб, кўпроқ фертиль ёшдаги аёллар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Шунингдек, ойлик доирасида диабетиклар ассоциацияси, ушбу касалликка чалинганларга ёрдам кўрсатувчи "Умид Д" нодавлат ташкилоти ҳамкорлигида кам таъминланган беморларни тўлиқ чуқурлаштирилган кўрикдан ўтказиш, уларга тиббий ёрдам кўрсатиш, оғир асоратли беморларнинг уйларига бориб, текшириш ўтказиш режалаштирилган. 
Анжуман давомида вилоят эндокринология диспансери шифокорлари томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам тиббий кўрикдан ўтказилди. 
Ўз мухбиримиз.