Охирги янгиликлар

ҚИШЛОҚЛАРДА ЧИҚИНДИ ТЎПЛАНМАЙДИГАН БЎЛДИ Жамият

Жорий йил 21 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ бўлган ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси қошидаги "Тоза ҳудуд" давлат унитар корхонаси Булунғур туман филиали ташкил этилди. 
– Филиалимиз фаолияти аҳоли ҳамда жисмоний ва юридик шахслар билан шартномалар тузишдан бошланди, – дейди "Тоза ҳудуд" ДУК туман филиали бошлиғи Алишер Шодмонов. – Қисқа фурсатда туманимиздаги 2700 та хонадонда яшовчи 12500 нафар аҳоли, 331 та хўжалик юритувчи субъект билан шартномалар имзоланди. Чиқинди ташувчи 8 та махсус автомашина, ағдарма машина ҳамда юк ортадиган тракторимиз мавжуд. 
Автотранспорт воситалари хар куни белгиланган график асосида аҳоли, корхона ва ташкилотларга хизмат кўрсатмоқда. Чиқиндилар Мингчинор маҳалласи ҳудудида жойлашган чиқиндихона полигонига олиб бориб, сараланади, зарарсизлантириш ва кўмиш ишлари амалга оширилади.
– Аста-секин чиқинди билан боғлиқ муаммолар камаймоқда, – дейди Тумановул қишлоғида яшовчи пенсионер Искандар Носиров. – Ҳар ҳафта белгиланган кунда махсус чиқинди ташувчи автотранспорт келиб, қишлоғимиз хонадонларидан чиққан маиший чиқиндиларни олиб кетади. Илгари ҳафталаб, ойлаб тўпланиб қолган чиқиндилардан ҳавонинг иссиқ кунларида бадбўй ҳид чиқиб, антисанитар ҳолат юзага келарди. 
Раббим ҲОТАМОВ.