Охирги янгиликлар

СУВ ВА ИНСОН Жамият

Чанқаган инсонга сув тутсак, "Сувдек сероб бўлинг", дея миннатдорлик билдиради. Бунда ҳикмат бор. Қадим Шарқ файласуфлари олов, сув, ҳаво ва тупроқ тимсолида ҳаёт ибтидосини кўра билганлар.
Тадқиқотларга кўра, инсон вужудининг 70 фоизи, ер шарининг 71 фоизи, ўсимликларнинг 90 фоизи сувдан иборат экан. Шунчаки назар ташланганда, сув истеъмол қилинадиган кўплаб неъматлардан бири, аммо масалага чуқурроқ ёндашилса, сув инсон ҳаётида жуда катта аҳамиятга эга.
Инсон танасидаги сувнинг 70 фоизи ҳужайра шаклида, қолган 30 фоизи сув лимфалари ва қон плазмалари таркибида бўлади. Одам очликка бир ойдан ортиқ чидаса, сувсизликка атиги бир неча кунгина тоқат қила олади. Организмдаги сув миқдори 2 фоизни йўқотса, одам чанқайди. Бу миқдор 8-10 фоизга етганда ўлимга ҳам олиб келиши мумкин. 
Немис олимлари сув кўп ичадиган талабаларнинг фикрлаш қобилияти, сувни камроқ истеъмол қиладиганларига қараганда, бирмунча юқорироқ бўлишини аниқлашган. Бундан ташқари, нохуш ҳолатлар гирдобига тушганимизда сокингина оқаётган сойни қўмсаймиз ва юз-қўлимизни муздек сувга ювиб, қалбимизни ғyбopдан тозалаб, енгил тортамиз. Ёки "ёмон тушни сувга айтинг", деган гапда ҳам сир-синоат бор.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, тўлиб-тошиб оқаётган дарёю денгиз, уммонлардан тортиб, ҳар куни истеъмол қиладиган сув ҳам инсон вужудидаги ёвуз қувватлар, ёқимсиз салбий таассуротларни тортиб олар эмиш. Ҳатто, денгиздаги сув тошқинлари ҳам табиий ва энергетик манба асосида юз берар экан.
Сувнинг бундай "ғазаби"ни енгишга, уни тозалашга кимёвий унсурлар, замонавий кашфиётлар ҳам ожизлик қилиб, у фақатгина музлаш ва буғланиш асносида покланади. Бу ҳам сувнинг ўзига хос хислати бўлса ажабмас. 
Абдураҳмон ИЛЁСОВ, СамДУ талабаси.