Охирги янгиликлар

ХИЗМАТ УЙЛАРИ ИШГА ҲАВАСНИ КУЧАЙТИРАДИ Жамият

Президентимиз қарори билан тасдиқланган дастурга мувофиқ, вилоятимизда профилактика инспекторларини хизмат уйлари билан таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар давом этмоқда.
Бугунги кунга қадар вилоятимизда хизмат қилаётган 709 нафар профилактика инспекторининг 180 нафари хизмат уйига ва имтиёзли кредит асосида автомашинага эга бўлди.
Хусусан, Қўшработ тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимининг 21 нафар профилактика инспекторидан 5 нафари шу кунга қадар хизмат уйи билан таъминланди, шахсий автомашинага эга бўлди.

– Хизмат уйи билан таъминланишимиз турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган ҳаракатларимиз самарадорлигини оширди, – дейди тумандаги Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспектори Отақул Эшмуродов. – Сабаби, хизмат қилаётган ҳудудимдан 40 километр узоқликда яшардим. Бу эса бир қатор муаммолар туғдирарди. Шунинг учун туман марказида оилам билан ижарада яшашга мажбур эдим.
Хизмат уйи берилиши бу каби муаммоларга барҳам берди. Энди оиламдан кўнглим хотиржам, туну кун ўзимга бириктирилган ҳудудда хизматимни олиб бораман. Қолаверса, имтиёзли кредит асосида автомашина берилгани ҳам фаолиятимизга ижобий таъсир кўрсатади.
Маҳалладаги ҳуқуқбузарликлар ва жиноят аҳволи, маънавий соғлом турмуш тарзи ҳақида сўраганимизда, профилактика инспектори ҳудудда жорий йилда бирорта жиноят содир этилмаганини айтди.

– Йил охирига қадар яна бир нечта профилактика инспекторларини хизмат уйи билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда, – дейди Қўшработ туман ИИБ бошлиғи ўринбосари Фарҳод Нарзиев. – Айни вақтда профилактика инспекторлари хизмат уйи учун ажратилган ҳудудларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 
Вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси маълумотига кўра, 2017-2018 йилларда 553 нафар профилактика инспектори хизмат уйи билан таъминланиши режалаштирилган. Жорий йилда профилактика инспекторлари учун 123-уй-жой қуриш ва 82 квартира ажратиш, 2018 йилда 340 уй-жой қуриш ва 82 квартира бериш кўзда тутилган. 
Fолиб АБДУСАЛОМОВ.


Reklama huquqi asosida