Охирги янгиликлар

БОЛАЛАР ШИФОХОНАСИДА ЯНА БИТТА ЯНГИ ОПЕРАЦИЯ Жамият

Кўкрак қафаси деформацияси аввалига танадаги кичик бир нуқсондай кўринади. Аммо вақт ўтиши билан у боланинг юрак, ўпка ва бошқа аъзоларига жиддий таъсир кўрсатиб, унинг ҳаёти хавф остида қолади. Уни ўз вақтида операция қилиш, бунда замонавий тиббиёт янгиликларини қўллаш ушбу хасталикка чалинган болаларнинг соғлом ҳаёт кечиришларида муҳим аҳамиятга эга. 
Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида Корея ҳамда Германиядан келган шифокорлар иштирокида ўтказилган семинар ҳамда маҳорат сабоқлари айнан шу мавзуга бағишланди. 

Семинарда республика травматология ва ортопедия илмий-текшириш институти профессори И.Имомходжаев, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази раҳбари М.Азизов Самарқандда бу соҳадаги янгиликлар, амалга оширилган жарроҳлик амалиётлари хусусида сўз юритди. Жанубий Кореянинг Католик университети қошидаги клиника шифокори, профессор Пак Хунг Жо ушбу хасталикни даволашда ўзи амал қиладиган усул ҳақида гапириб берди. 

– Болаларда кўкрак қафаси деформацияси хасталиги 2000 йилга қадар бутун дунё шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам бироз мураккаб тарзда кесиш, кўп қон йўқотиш билан амалга ошириларди, – дейди И.Имомходжаев. – 2007 йилдан бошлаб Ўзбекистонда бундай беморлар янги, каминвазив усулда операция қилинмоқда. Аммо мазкур хасталикнинг хилма-хиллиги, мураккаб даражалари шифокорларнинг ўз устида тинимсиз изланишини, янгидан-янги ускуналар билан ишлашни ўрганишини тақозо этади. Кореялик профессор иштирокида Тошкент, Самарқанд, Бухорода кўкрак қафаси деформациялашувининг энг мураккаб турларидан бири устида операция ўтказиш ишлари амалга оширилади. 
Шу пайтга қадар вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ушбу хасталикка чалинган болаларнинг 75 нафари каминвазив йўл билан, 35 нафари умуман операциясиз, янги технология асосида даволанди. Мазкур соҳа бўйича мутахассис ҳисобланган марказ шифокори И.Ўролбоев Корея, Франция, Германия, Ҳиндистон давлатларида бўлиб, янги амалиётларни жорий этмоқда. Маҳорат сабоқларида кореялик шифокор бошчилигида самарқандлик мутахассислар билан ҳамкорликда мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди.  

Гулруҳ МЎМИНОВА.


Reklama huquqi asosida