Охирги янгиликлар

"ЎЗ БОЛАНГНИ ЎЗИНГ АСРА!" ЭЪТИБОРСИЗЛИК ҚИММАТГА ТУШАДИ Жамият

Бугунги кунда юртимизда келажагимиз бўлмиш ёш авлодни етук шахс бўлиб етишиши учун давлатимиз томонидан кўплаб имкониятлар, барча шароитлар яратилган. Уларнинг тақдири, келажаги ҳақида ҳар биримиз қайғуришимиз доимо долзарб вазифалардан бири бўлиб келган. 
Вилоятимизда вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида тушунтириш-тарғибот ва назорат тадбирлари мунтазам ўтказилаётган бўлса-да, жорий йилда вояга етмаганлар томонидан 78 та жиноят содир этилган.

Таҳлил қиладиган бўлсак, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан оғир тан жароҳати етказиш, талончилик каби жиноятлар камайган, аммо қасддан одам ўлдириш, номусга тегиш, босқинчилик, ўғрилик жиноятлари сони ошган. Шунингдек, 101 нафар вояга етмаганлар жиноят содир этишда иштирок этган. Уларнинг 7 нафарини қизлар ташкил қилади. 69 нафари ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, 32 нафари мактаб ўқувчиларидир.
Маълумотларга кўра, айни вақтда вилоят бўйича 488 нафар вояга етмаганлар ички ишлар идораларида ҳисобда туради. Уларнинг 138 нафарини қизлар ташкил этади. 314 нафар ота-она болаларни таъминлаш, тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаётганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги сабабли ҳисобга олинган. Вояга етмаганларнинг 19 нафари махсус коллежларга, 9 нафари махсус мактаб-интернатларга жойлаштирилган.

Вилоят бўйича 1410 нафар мактаб ёшидаги, 1628 нафар мактаб ўқувчилари, 445 нафар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларидаги вояга етмаганлар чет давлатларга чиқиб кетган. Уларнинг 3382 нафари ўз ота-оналари, 95 нафари яқин қариндошлари, 6 нафари бошқа шахслар билан хорижга кетган. 

Юқорида қайд этилган рақамлар бу борада ҳали амалга оширилиши зарур бўлган ишлар кўплигини кўрсатмоқда. Ачинарлиси, содир этилаётган жиноятларнинг энг кўп фоизи вояга етмаганлар ўз ота-оналари қарамоғида бўлган вақтларга тўғри келган. Бу эса ота-оналардан фарзандларига янада эътиборли бўлишни, "Ўз болангни ўзинг асра!" деган ақидага қатьий амал қилишни талаб этади.

Бу борада бир қатор ишларни амалга ошириш лозим. Аввало, туман (шаҳар)лардаги мусиқа, спорт мактаблари ҳамда "Баркамол авлод" болалар ижодиёти марказларига профилактик ҳисобда турувчи вояга етмаганларни жалб қилиш юзасидан амалий чоралар кўриш керак. Шунингдек, профилактик ҳисобда турувчи вояга етмаганларга ҳар бир маҳалладан бир нафардан нуронийларни ва таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилот етакчиларини бириктириш мақсадга мувофиқ. Бу борада маҳалла фуқаролар йиғинлари ёшлар масалалари бўйича ўринбосарларининг шахсий масъулиятини ошириш лозим.

Ҳафтанинг пайшанба кунлари бўлиб ўтаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликлар профилактикаси кунларида ҳисобда турувчи вояга етмаганлар билан суҳбатлар натижаси бўйича Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг устав ҳамда дастуридан келиб чиққан ҳолда "Тарбия, спорт-соғломлаштириш оромгоҳи"га жалб қилмасдан профилактик ҳисобдан чиқаришга тавсия бериш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, иттифоқ томонидан ўтказиладиган маданий тадбирларга жалб қилиш зарур.
Бундан ташқари, профилактик ҳисобда турувчи вояга етмаганларнинг жиноятларни содир этиш сабабларини таҳлил қилиш, келгусида қайта ва такроран жиноят кўчасига кириб қолишларининг олдини олиш мақсадида назоратдаги ёшлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида маҳаллама-маҳалла, уйма-уй суҳбатлар ташкил этиш керак. 

Профилактик ҳисобда турувчи вояга етмаганларга масъулиятли вазифаларни (спорт мусобақаларида ҳакамлик қилиш, оммавий тадбирларни ташкил қилишга масъул, маҳалла посбони билан таълимдан бўш вақтида ўз ҳудудида назоратчи) юклаш, таълим муассасасидаги иттифоқ бурчаги ҳамда аълочилар доскасига фотосуратларини илиш мақсадга мувофиқдир.
Бу чора-тадбирлар профилактик ҳисобда турувчи вояга етмаганларнинг ўзларига бўлган ишончини мустаҳкамлашда, уларнинг соғлом турмуш тарзига қайтишида муҳим аҳамият касб этади.

Fофуржон БОБОБЕКОВ,
Ўзбекистон ёшлар
иттифоқи вилоят кенгаши бош мутахассиси.


Reklama huquqi asosida