Охирги янгиликлар

ҚИНҒИРНИНГ ҚИЛИҒИ ФОШ ЭТИЛДИ Жамият

Ҳаётда шундай тоифадаги одамлар борки, қинғир ишга қўл уриб, жиноят кўчасидан чиқмайди. Жамиятга ҳам, оила аъзоларига ҳам улардан фойда йўқ. 
Рўзимурод (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам навқирон ёшдаги, тоғни урса талқон қиладиган йигит. Оиласи, болалари, ота-онаси бор. Эндигина қирқ ёшдан ошган бўлса-да, шу кунгача тўрт марта озодликдан маҳрум этилган, навбатдагиси бешинчиси. 
Унинг касби алдамчилик, фирибгарлик. Шу ўринда бир мулоҳаза. Яратган эгам бундай товламачи кишилар забонини ўткир қилиб яратганми дейман. Улар аксарият кишиларни ўз ёлғон гапларига ишонтириб, қандай йўл билан бўлмасин, алдаб кетади. "Қаҳрамон"имизда ҳам ана шундай "истеъдод" бор. 

– Рўзимурод Эсонов муқаддам бир неча бор судланганлигига қарамай, яна жиноятга қўл урди, – дейди Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи Илёс Абдуқаҳҳоров. – У Каттақўрғон шаҳар чорва моллари бозорида бир нечта фуқароларни алдаб, уларни чув туширган. Жабрланувчиларнинг аризаларига биноан тезкор чоралар кўрилди ва айбдор ушланди.
Маълум бўлишича, Рўзимурод фуқаро Илҳом Қорахоновга тегишли бир бош буқани 5 миллион сўмга савдо қилиб, унга бор-йўғи бир миллион сўм пул берган ва "Мен акангиз Абдуллонинг қўшнисиман. Тушдан сўнг қолган пулни уйимдан олиб, сизга етказаман", деб уни алдаган. Шунингдек, ҳўкизини бозорга сотиш учун олиб чиққан Бекмурод Ҳасанов билан 6 миллион сўм нарх белгилаган қорамолини 5 миллион 200 минг сўм бераман, дея савдолашган. Лекин молнинг эгаси бу нархга кўнмагач, бозор кўтармаса, мен шу нархга оламан, мана менинг қўл телефоним, ёзиб олинг, дея ўз телефон рақамини берган. 

Ҳўкизини айтган нархига сотолмаган Бекмурод тушдан кейин Рўзимуродга қўнғироқ қилади. У вақтинча яшаб келаётган Бахт кўчасидаги манзилини айтиб, молни етаклаб келишини сўраган. Товламачи савдолашган 5 миллион 400 минг сўмдан Б.Ҳасановга бор-йўғи 200 минг сўм бериб, Самарқанд шаҳрига олиб бориб сотиб, қолган 5 миллион 200 мингини эртага бераман дея ишонтириб, қорамолни олиб қолган. Бекмурод бу пулни бир йилга яқин вақт ўтса-да, ололмади. 
Жиноятчининг барча қилмишлари ўз исботини топди ва унга нисбатан тегишли жазо тайинланди. 
Азим ҚОДИРОВ. 


Reklama huquqi asosida