Охирги янгиликлар

БУГУНГИ ПУХТА ТАРАДДУД – ЭРТАНГИ ХОТИРЖАМЛИК АСОСИ Жамият

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати, Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддиларидан иборат республика ишчи гуруҳи томонидан Самарқанд вилоятида қиш мавсумига тайёргарлик, аҳолини электр ва иссиқлик энергияси, ичимлик суви, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир ва кўмир брикети билан таъминлаш, қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратиш борасида амалга оширилган ишлар секторлар тизимида ўрганилди. 

Ўрганишлар давомида асосий эътибор Президентимизнинг жорий йил 22 июндаги "Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорига мувофиқ амалга оширилган ишлар ва мавсумга тайёргарлик борасида йўл қўйилган камчиликлар, мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилди. 
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига вилоятимиз аҳолисидан мазкур йўналишда 9 минг 600 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилган бўлса-да, 117 та мурожаат республика ишчи гуруҳи томонидан жойида ўрганилиб, кўтарилган муаммоларга ечим топилди. 

Бугун вилоятда 703 мингдан ортиқ хонадоннинг қарийб 333 мингтаси суюлтирилган газдан фойдаланади. Айни пайтда мавжуд 445 минг 133 та газ баллоннинг 112 минг 185 таси қиш мавсумига захира қилинган. Шу билан бирга, жорий йилнинг 1 декабрига қадар Қўқон заводидан қўшимча 8 мингта баллон келтирилиши белгиланган. Суюлтирилган газ баллонларини аҳолига етказиб бериш учун ҳозирда 74 та автомашинадан фойдаланилмоқда. Мавсум давомида улар қаторига яна 22 та янги автомашина қўшилади. 

Ишчи гуруҳ ўрганишлари давомида Ургут, Булунғур, Иштихон, Пайариқ, Паст Дарғом, Қўшработ туманларининг тоғли ва олис қишлоқларидаги 34 минг 600 га яқин хонадонга суюлтирилган газ баллонлари, жумладан, 4 мингта янги баллон белгиланган арзон нархда тарқатилди. Ўттизга яқин кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга эса баллон ва газ плиталар бепул берилди.
– Хонадонимизга Тошкент ва Самарқанддан мутахассислар келиб, яшаш шароитимиз билан танишгани ва ҳол сўраганидан хурсанд бўлдик, – дейди Ургут туманидаги Қуйигузар маҳалласида яшовчи Нарзитош Шойимова. – Меҳмонлар қуруқ қўл билан келмаган экан, янги газ плитаси ва баллон совға қилишди. Рўзғоримизнинг битта камчилиги бут бўлганидан миннатдормиз. Маҳалламиз тоғли ҳудудда жойлашгани учун суюлтирилган табиий газдан фойдаланамиз. Ҳар ойда баллонларни тўлдириб келишади. 

Жорий йилги қиш мавсуми учун вилоятда 55 минг тонна кўмир ҳамда 23 минг тонна кўмир брикетига эҳтиёж мавжуд. Ҳозирга қадар аҳолига 16 минг 800 тонна, ижтимоий соҳа объектларига эса 23 минг 707 тонна кўмир етказиб берилди. Кейинги уч кунда вилоятга 2 минг 415 тонна кўмир келтирилиб, тарқатилди. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. 
Қиш мавсуми давомида аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектлари, иқтисодиёт тармоқларини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ҳам энг устувор вазифалардан саналади. Бу борада вилоятда бир қатор ишлар амалга оширилди. Мавжуд 8 минг 771 та трансформаторнинг техник ҳолати мутахассислар томонидан доимий назорат қилиниб, зарурат туғилганда таъмирлаш ишлари бажарилмоқда. Ишчи гуруҳи ўрганишлари давомида жойларда 15 та янги трансформатор ўрнатилиб, 4 километр электр тармоқлари тортилди. 1,1 миллиард сўмлик электр асбоб-ускуналари ҳамда жиҳозлари захираси яратилди.

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар натижасида жорий йилда вилоятда 10,4 километр ичимлик суви тармоқлари мукаммал ҳамда 29,2 километри эса жорий таъмирланди. "Фарҳод" оқова сувни тозалаш иншооти қисқа муддатларда қурилиб, айни пайтда монтаж ишлари якунига етказилмоқда. 

Булунғур туманининг олис Хўжамазгил маҳалласи аҳлини қийнаб келаётган ичимлик суви билан боғлиқ муаммо ишчи гуруҳ амалий ёрдами билан ўз ечимини топди. Қишлоқ аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланди. 
Уч кунлик қисқа муддатли, аммо самарали ўрганишлар давомида вилоят марказидан олис чўл ҳудудларда яшовчи аҳоли ҳолидан хабар олишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Пахтачи, Нуробод, Қўшработ туманларида меҳнат қилаётган чорвадорларнинг турмуш тарзи, уларнинг қишга тайёргарлик жараёнлари кузатилиб, аниқланган камчиликлар мутасадди ташкилотлар томонидан шу ернинг ўзида ҳал этилди. Чўпонлар оилаларига қиш мавсуми учун захира газ баллонлари, озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.

Қиш-баҳор ойларида аҳолини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда бозорларда нарх-навонинг барқарорлигини таъминлаш мавсумга ҳозирликнинг энг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Шу боис бу йил вилоятда 32 минг 214 тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотларини захирага жамғариш режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача 14 минг 600 тонна картошка, 6842 тонна пиёз, 2877 тонна сабзи, 401 тонна гуруч жамғарилган. Бунинг учун тижорат банклари томонидан 1,4 миллиард сўмлик маблағ ажратилди. Захирага маҳсулот жамғариш ишлари шу кунларда ҳам қизғин давом этмоқда. 

Вилоятдаги қисқа муддатли ўрганиш давомида маҳаллаларда истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтожлар ва ногиронлар, беморлар ҳолидан хабар олиниб, уларга ногиронлик аравачаси, эшитиш мосламаси ва бошқа воситалар, дори-дармон, озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. Шунингдек, қишлоқ оилавий поликлиникаларида малакали мутахассислар жалб этилган ҳолда тиббий кўриклар ташкил этилди. Мазкур тадбирлар натижасида 8200 нафардан ортиқ кишининг саломатлиги назоратдан ўтказилиб, 138 нафар беморга вилоят ва республикадаги тиббий муассасаларда даволаниш учун йўлланмалар берилди. 

– Имконияти чекланган инсонларни ижтимоий муҳофаза қилиш, моддий қўллаб-қувватлаш борасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган ишларга гувоҳман, – дейди Булунғур тумани Хўжамазгил маҳалласида яшовчи Х.Ўралова. – Ўзим ҳам бундай эътибордан баҳраманд бўлиб келяпман. Анча вақтдан буён ногиронлик аравачасига эҳтиёжим бор эди. Бугун ушбу воситани уйимга келтириб беришди. Бунинг учун давлатимиздан миннатдорман. 
Республика ишчи гуруҳининг вилоятда қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини комплекс ўрганиши ҳудуддаги мавжуд вазиятни яна бир бор чуқур таҳлил этиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш имконини берди.
F.ҲАСАНОВ.


Reklama huquqi asosida