Охирги янгиликлар

ЛАБОРАТОРИЯ ТЕКШИРУВИ УРГУТДА ЎТКАЗИЛАДИ Жамият

Ургутда вилоятимизнинг қолган туманларига нисбатан ОИВ/ОИТСга чалинган беморлар сони бироз кўпроқ. Туман марказий поликлиникасида рўйхатга олинган 64 нафар беморнинг 23 нафари клиник кўрсатмалар  бўйича, 6 нафари эса ўз хоҳиши билан аноним текширувдан ўтгач, хасталик аниқланди. 
– Жорий йилда текширувдан ўтган 7552 нафар никоҳланувчиларнинг 8 нафарида, 3923 нафар меҳнат мигрантларининг 4 нафарида ОИВ/ОИТС касаллиги борлиги аниқланди, – дейди  марказий поликлиниканинг ОИТСга текширув хонаси мутахассис врачи Абдусамат Собиров. – Шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган шахсларнинг 2 нафарида мусбат натижа тасдиқланди. 

Мазкур хавфли касалликка қарши курашиш, унинг тарқалишининг олдини олиш ҳамда тезкорлик билан аниқлаш мақсадида жорий йилнинг март ойида туман тиббиёт бирлашмаси қошида ОИТС ташхис лабораторияси ишга туширилди. Икки нафар малакали шифокор, тўрт нафар лаборант-мутахассислар меҳнат қилаётган қабулхона, серология, автоклав, зарарсизлантириш, лаборатория хоналари ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти грантлари асосида келтирилган 36 миллион сўмлик замонавий лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозланган. 
Ташхис лабораторияси ишга тушганига саккиз ой бўлган бўлса-да, бу ерда 23 минг 800 нафар шахснинг қон намуналари ОИТС, гепатитнинг "В" ва "С" турлари, шунингдек, торч инфекциясини аниқлаш мақсадида текширилди. Улардан 47 нафар шахсда ОИТС, 334 нафарида эса гепатит касаллиги борлиги маълум бўлди. 

Туман марказий поликлиникасидан ташқари Жартепа маҳалласидаги 1-сон марказий шифохона, «Мўминобод», «Обод диёр» ҚВПларида, шунингдек, Ургут шаҳар поликлиникасида фаолият кўрсатиб келаётган "Ишончхона"лар томонидан никоҳланувчилар, меҳнат мигрантлари ҳамда жазони ўташ муассасаларидан озод этилганлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг қон намуналари ушбу ташхис лабораториясида текширилмоқда. 
– Янги ташхис лабораториясининг ишга туширилиши аҳоли учун катта қулайлик бўлди, – дейди ОИТС ташхис лабораторияси лаборанти Дилором Олимова. – Шу пайтгача жамланган қон намуналарини вилоят ОИТСга қарши курашиш марказига олиб бориб, сарсон бўлиб, текширувдан ўтказиб келардик. Энди сарсонгарчиликнинг олди олинди. Ҳозир бир кунда 250-300 га яқин қон намуналарини текширувдан ўтказяпмиз. 

Тиббиёт бирлашмаси шифокорлари туман хотин-қизлар қўмитаси, прокуратура, ички ишлар бўлими ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда тарғибот тадбирлари ташкил этмоқда. Қолаверса, ФХДЁ бўлимида ҳар ойда ўтказиладиган "Оила дорилфунуни", касб-ҳунар коллежларида ташкил этиладиган "Ёш оила қурувчилар мактаби" ўқув машғулотларида ҳам бу борада батафсил тушунтириш бериб борилмоқда. Натижада жорий йилнинг ўн ойи давомида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўз хоҳиши билан текширувдан ўтганлар сони ортди. 

Дилмурод ТЎХТАЕВ.


Reklama huquqi asosida