Охирги янгиликлар

"РАСАДХОНА"НИНГ РАСАМАДИ ИШЛАРИ КЎП ЛЕКИН БУ ЕРДА ЖИНОЯТЧИЛИК НЕГА ОШГАН? Жамият

Ўтган йил Самарқанд шаҳридаги 207 маҳалланинг 196 тасида жиноятлар қайд этилган. Бу жиноятларнинг 78 таси вояга етмаганлар томонидан содир этилган, юздан зиёд вояга етмаганлар жиноят иштирокчиси бўлган. Нотинч оилалар сони бир бараварга ошган бўлса, ўз жонига қасд қилганлар ҳақидаги маълумотлар ҳам кишини сергак торттиради. Жиноятларнинг илдизи қаерда, унинг олдини олишда маҳалла, кенг жамоатчилик вакиллари нима иш қиляпти-ю, қайси масалалар эътибордан четда қоляпти? Жиноятчилик кўрсаткичлари юқори бўлган маҳаллаларда "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ташаббуси билан учрашувлар ўтказилиб, унда шу масалалар чуқур таҳлил этилди. 
Самарқанд шаҳар «Расадхона» маҳалласидаги тадбирда "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят, шаҳар бўлимлари вакиллари, фаоллар иштирок этди. 
– Президентимиз халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вилоятда жиноятчилик сони ошганини кескин танқид қилганди, – дейди "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бош мутахассиси Фароғат Шокирова. – Бу кўрсаткичларнинг ошишига бир қатор омиллар сабаб бўлмоқда. Аммо уларни маҳалланинг ўзида муҳокама қилиб, аҳолини атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан воқиф этиш бугунги куннинг заруратига айланди. 

ШАҲАР МИҚЁСИДА ИККИНЧИ ЎРИНДА
– Маҳалла ҳудудида ўтган вақт мобайнида 26 та жиноят содир этилган, – деди маҳалла профилактика инспектори Илёс Эсонқулов. – Бу эса шаҳар миқёсида жиноятлар сони бўйича иккинчи ўринда эканимизни кўрсатмоқда. Ушбу жиноятлар орасида ўғирлик, фирибгарлик, гиёҳванд моддалар савдоси, автоҳалокат бор. Буларнинг барчаси бўйича тегишли ишлар олиб борилиб, жиноятчилар аниқланган. Маҳалламиз Самарқанд шаҳрига кириш қисмида жойлашган бўлиб, бу ерда иккита йирик – Тошкент ва Бухоро автошоҳбекатлари бор. Яъни, Самарқандга бошқа вилоят ва туманлардан келувчилар шу масканда тўхтаб ўтишади. Бу маҳалла аҳлининг тадбиркорлик билан шуғулланиши учун қулай имконият бўлса-да, ҳудудда жиноятлар сонининг ошишига ҳам сабаб бўлмоқда. Чунки маҳалладаги жиноятларнинг аксарияти бошқа туман ёки маҳалла фуқаролари томонидан содир этилган. Маҳалламизда истиқомат қилувчи икки нафар шахс фирибгарлик жинояти билан қўлга тушган. 

Ҳудудимизда содир этилган жиноятларнинг яқинда фош этилганларидан бири хусусида тўхталиб ўтсам. Булунғур туманидан келган шахс маст ҳолатда автошоҳбекатда очиқ қолган автомашиналардан бирини олиб қочади. Машинада улов эгасининг телефони қолгани учун қўнғироқларга жавоб бериб, ўзини милицияданман, деб таништиради. Автомобилни тегишли жойга қўяяпман, уни олиш учун 200 АҚШ доллари берасан, деган талабни қўяди. Давлат рақамини ечиб олади. Тезкор суриштирув ишлари натижасида жиноятчи қўлга олинади. Воқеа маҳалламиз ҳудудида содир бўлса-да, айбдор ҳам, жабрланувчи ҳам бошқа тумандан келган шахслар. 
АМАЛИЙ ИШЛАР ҲАМ БОР
Маҳалла аҳолиси бу маълумотларни тинглар экан, бир қалқиб олди. Ҳуқуқбузарликлар очиқ таҳлил этилди. Савол туғилади: хўш, жиноятларнинг олдини олишда қандай ишлар амалга оширилмоқда? 

– Маҳалла Катта ўзбек трактининг ёқасида жойлашганига гувоҳ бўлиб турибсиз, – дейди «Расадхона» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зокир Сафаров. – Йўлнинг икки томонида ҳам аҳоли яшайди ва табиийки, ундан тез-тез ўтишига тўғри келади. Кўчада машиналарнинг жуда катта тезликда ҳаракатланиши кўплаб фожиаларга сабаб бўлаётганди. Юқорида инспектор айтган жиноятнинг еттитаси ҳам автоҳалокат. Ачинарлиси, бу ҳалокатларнинг тўрттаси инсон ўлими билан якун топди. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бир неча марта тегишли ташкилотларга мурожаат қилиб, бу йўлда пиёдалар ўтиши учун махсус белгини чиздиришга муваффақ бўлдик. Аммо бу ҳам ёрдам бермаяпти. Шу йўлда светофор ўрнатиш лозимлигини билдирдик. Қолаверса, ҳудудимизга тегишли Чўпонота масканида хилват жойлар кўп. У ерда ҳам бошқа жойдан келган фуқароларнинг жиноят содир этиши учраб турарди. Бунинг олдини олиш учун шу кўчага киришда блокпост ўрнатилди. 

Маҳалла раиси айтганидай, бу ҳудуд Самарқанднинг ҳам туристик, ҳам транспорт, ҳам иқтисодий жиҳатдан муҳим нуқталаридан бири саналади. Бу ерда 50 дан ортиқ савдо дўкони, 40 га яқин катта-кичик корхона фаолият кўрсатади. Маҳаллада жойлашган корхоналарда ишлашга келиб-кетувчилар сони ҳам йилдан-йилга ошиб бораётир. Дарвоқе, кейинги бир ойда рўйхатдан ўтмай, маҳаллада уч кундан ортиқ яшаб келган 13 нафар фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилган.
МАҲАЛЛА АҲЛИ НЕГА НОРОЗИ?
Ҳудуд аҳли бу маълумотлардан хабардор бўлар экан, орада шивир-шивир, норозилик аломатлари сезилиб қолди. Сўз навбати фаолларга келганини англаган оқсоқол "Кимда бу борада таклифлар бор?", дея савол ташлади.
– Биласиз, аҳолимиз узоқ йиллардан бери шу ҳудудда истиқомат қилади, ҳаммамиз бир-биримизни, ота-бобомизни жуда яхши таниймиз, – дея сўз бошлади Тешақул Орипов. – Яхшимизни ҳам, ёмонимизни ҳам бирга баҳам кўриб, бир-биримизга далда бўлиб келяпмиз. Ҳозирги сўзларингиздан қаттиқ таъсирландим. Маҳалламиз ҳудудида содир этилган жиноятларнинг 90 фоизини четдан келганлар содир этган экан, нега бизнинг маҳалламиз жиноятлар сони ортиши билан ном қозониши керак? Агар бу жиноятчилар бизнинг аҳолимиздан чиққан бўлса, бошқа гап эди, улар билан ишлашни йўлга қўярдик. Аммо бундай ҳолатда бизнинг ёрдамимиз нимада бўлади? Айбимиз шаҳарнинг кириш қисмида жойлашганимизми?

Ўз маҳалласи шаъни учун қайғураётган кишиларнинг куюнчаклигини тушунса бўлади. Аммо жиноятлар кўп содир этилаётган ҳудуд ҳар қандай ҳолатда ҳам аҳолининг хотиржамлигига соя солади. Шундай экан, жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолининг сергаклигини ошириш фойдадан холи эмас. Маҳалла раиси фуқароларнинг куюнчаклигини тушунган ҳолда улардан бу масалада таклифлар кутаётганини билдирди. 

– Маҳалла ҳудудида содир этилган жиноятларни тегишли ташкилотлар ўрганиб, бунга ечим топади, аммо бизнинг вазифамиз маҳалладаги нотинч оилалар билан кўпроқ ишлаш, оилалардаги муҳитни яхшилашга кўмаклашишдан иборат, – деди Фароғат Шокирова. – Мана, мисол учун жорий йилда «Расадхона» маҳалласидан икки киши жиноят содир этган, улардан бири дуппа-дуруст оила фарзанди экан. Ҳудудларингизда учта нотинч оила бор, иккита ажрим бўлган. Маҳалланинг диний-маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчисининг айтишича, бундай хонадонларга намунали оила вакилларидан мураббийлар бириктирилибди. Лекин холис айтинг-чи, ушбу оилалардан қачон хабар олдингиз? Битта оиланинг ажралиши ҳам қанчалик катта муаммоларга сабаб бўлишини сиз, фаоллар яхши тушунасизлар. Коллежга қатнамай, дўконда савдо қилаётган бола ҳам бизнинг боламиз, уни кўчада кўрганда тергаб қўйсангиз, у келгуси сафар оз бўлса-да, хижолат тортади. Сиз, фаолларни тўплаб, суҳбатлашиб олишимиздан мақсад ҳам шу.

Бу фикрдан сўнг иштирокчилар мунозарага киришиб кетди. Эндиликда нотинч, жазо муддатини ўтаб келган кишилар истиқомат қилаётган оилаларга бириктирилган мураббийларга аниқ вазифалар қўйилиши ва улар ҳам ҳисобот бериши белгилаб олинди. Ҳар ойнинг охирги шанбаси – маҳалла кунида профилактика инспектори билан бирга мураббийларнинг ҳам фикрлари тингланади. Шунингдек, маҳаллада мавжуд асосий кўчаларга видеокузатув мосламаси ўрнатиладиган бўлди. 
Гулруҳ МЎМИНОВА.


Reklama huquqi asosida