Охирги янгиликлар

БЎШ ИШ ЎРИНЛАРИНИ ЯШИРГАН РАҲБАР БУ ҲАРАКАТИ УЧУН ЖАРИМА ТЎЛАЙДИ Жамият

Юртимизда ишсиз фуқаролар бандликка кўмаклашиш  марказлари томонидан белгиланган тартибда ишга жойлаштирилади. Аммо аҳоли бандлигини таъминлашда  нафақат давлат органлари,  балки мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарларининг ҳам ўрни ўта муҳим.
Иш берувчиларнинг мазкур жараёндаги иштироки "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги қонуннинг 18-моддасида белгилаб қўйилган. Шунингдек, "Меҳнат органларига бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги тўғрисида ва мўлжалланаётган ходимлар ишдан озод этилиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш тартиби ҳақида"ги низомнинг 2-бандида иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармасига тегишли бадалларни тўловчи сифатида рўйхатга олинган (микрофирма ва кичик корхоналардан ташқари) барча иш берувчилар ҳудудий бандликка кўмаклашиш марказларига бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги ҳамда мўлжалланаётган ходимларнинг ишдан озод этилиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган. Мазкур ҳужжатнинг 4-бандида иш берувчилар ҳар ҳисобот ойининг 30 (31)-куни, февраль ойи учун 28 (29)-кун ҳолати бўйича, ҳар ойнинг 5-санасидан кечикмай бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги ҳамда мўлжалланаётган ходимлар ишдан озод этилиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши шартлиги ҳам қайд этилган.

Жорий йилнинг май ойидан бошлаб, иш берувчиларга бўш иш жойлари тўғрисидаги маълумотларни интернет орқали электрон тарзда тақдим этиш имконияти пайдо бўлди. Иш берувчиларда бўш иш жойлари мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам маълумот тақдим этиши лозим. Бу ўзгаришлар бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда ишсизлар бандлигини таъминлашга шароит яратади.

Баъзида иш берувчилар томонидан бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилмаслик, мавжуд бўш ўринларни кўрсатмаслик, иш ҳақи юқори бўлган лавозимлар ўрнига оддий хизматчи вазифаларини кўрсатиш билан чегараланиб, айрим иш ўринларини яшириш ҳолатлари учрамоқда.
Бўш иш жойлар тўғрисидаги ахборотни яширганлиги, шунингдек, бўшатилиши мўлжалланаётган ходимлар тўғрисидаги маълумотларни меҳнат органига ўз вақтида тақдим этмаганлиги учун мансабдор шахсларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 229-моддасига асосан энг кам иш ҳақининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солинади.

Жорий йилнинг ўтган даврида керакли маълумотларни тақдим этмаган ва бўш иш ўринларини яширган 126 нафар мансабдор шахсга нисбатан 53 миллион сўмдан ортиқ маъмурий жарималар қўлланилиб, ундириб олинган.
Маъмурий жарималарни қўллаш ёки бошқа таъсир чоралари кўрилишидан мақсад мансабдорларни жазолаш эмас, балки меҳнат қонунчилигига барчанинг амал қилишига эришиш, мавжуд бўш иш ўринларини аниқлаб, ишсизлар бандлигини таъминлашдир.
Лазиз ҚАРШИЕВ,
вилоят Бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси бошлиғи.


Reklama huquqi asosida