Охирги янгиликлар

БЎЛАЖАК ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ Жамият

Самарқанд бирлашган техника мактабида Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти ташкил топганлигининг 26 йиллиги муносабати билан "Ватаним тақдири – менинг тақдирим" шиори остида байрам тадбири ўтказилди.
"Ватанпарвар" ташкилоти вилоят кенгаши раиси И.Рўзиев, ташкилот фахрийлари мазкур мактаб ёшларда интизом, қатъият, жасорат ва масъулият фазилатларини шакллантириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади. 
– Ҳозирда мактабимизда 125 нафар ёшлар ҳайдовчи ҳамда алоқачи йўналишлари бўйича ўқитилмоқда, – дейди Самарқанд бирлашган техника мактаби директори Алимардон Эшниязов. – Улар уч ой давомида маълум бир мутахассисликни эгаллаши баробарида, ҳарбий хизматнинг дастлабки кўникмаларини ўзлаштиради. 
– Ўғлим Шохруҳнинг ҳарбийликка иштиёқи баланд, – дейди Ургут туманидаги Дўстлик маҳалласидан келган Гулнора Исаева. – Бу ерда яратилган шарт-шароитлар фарзандимнинг шижоатини янада оширади. Келажакда аскар бўлиб, Ватанимиз сарҳадларини қўриқлашини истаймиз.
Тадбир доирасида ташкилот тасарруфидаги ўқув спорт-техника клублари томонидан спортнинг техник ва амалий турлари бўйича спорт мусобақалари, кўргазмалар ташкил этилди. 
Якунда ғолиблар ташкилотнинг вилоят кенгаши томонидан рағбатлантирилди.  Шунингдек, ўзининг намунали хулқи билан ўрнак бўлиб келаётган чақирилувчиларнинг ота-оналарига ташаккурномалар, ташкилот фахрийларига эсдалик совғалари топширилди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.


Reklama huquqi asosida