Охирги янгиликлар

ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШ БАРЧАНИНГ ВАЗИФАСИ Жамият

Каттақўрғон туманидаги ўарб-масжид, Иштихон туманидаги Ўзбекистон, Оқдарё туманидаги Пўлатдархон маҳаллаларида ички ишлар вазири ўринбосари А.Мирзаев, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи А.Тошпўлатов билан учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирларда маҳаллалардаги жамоатчилик ҳамкорлиги, ёшларни иш билан таъминлаш, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил, ичкиликка ружу қўйган фуқаролар, нотинч оилалар, ўзаро келишмовчилик кузатилаётган хонадонларда олиб борилаётган профилактика ишлари натижалари таҳлил этилди.
– Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида, аввало, инсон омили, унинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашдек хайрли мақсад мужассам, – дейди А.Мирзаев. – Жорий йилнинг 15 ноябрида Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда йўл қўйилаётган камчиликлар таҳлил этилди. Айнан жиноят турлари ошган вилоят ва туманлар кесимида маҳаллалардаги ҳақиқий аҳволга баҳо берилди. Жиноятчилик ошган ҳудудлар ва у ердаги муҳит, маҳалла масъуллари, профилактика инспекторларининг фаолиятини тўлиқ кўздан кечириш, жойлардаги ҳокимлик, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакилларининг масъулиятини ошириш бўйича вазифалар белгиланди.

Иштихон туманидаги Ўзбекистон маҳалласида ўтказилган таҳлилларга кўра, ҳудудда профилактик ҳисобда турувчилар 28 нафарни ташкил этиб, уларнинг 7 нафари судланган. Жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллада 20 та жиноят содир этилган. Уларнинг олтитаси ўғирлик, бештаси йўл улов ҳодисаси, бири гиёҳвандлик жинояти ҳисобланади. Бундай ҳолат маҳаллада профилактика тадбирлари яхши йўлга қўйилмагани, аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишлари талаб даражасида олиб борилмаётгани оқибатидир.

Тадбир давомида ҳудудларда йўл харитасини ишлаб чиқиш, секторлар бўйича мутасаддилар, профилактика инспекторлари, маҳалла фаолларининг масъулиятини ошириш, соғлиқни сақлаш, электр ва газ таъминоти идораларининг аҳоли турмуш шароитларини яхшилаш, уларнинг мавжуд муаммолар юзасидан кенг жамоатчилик олдида ҳисобот беришларини жорий этишга доир топшириқлар, аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати.


Reklama huquqi asosida