Охирги янгиликлар

ЖУРНАЛИСТЛАР ТУРИЗМ ТАРҒИБОТЧИЛАРИДИР Жамият

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси ва вилоят ҳокимлиги томонидан матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда 28-30 ноябрь кунлари юртимизда меҳмон бўлган Туркия республикасидаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, Самарқанддаги сайёҳлик фирмалари ва меҳмонхоналар раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдуҳакимов, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси бош директори ўринбосари У.Ҳусанов ва бошқалар мамлакатимизнинг туристик салоҳияти, соҳа ишини халқаро талаблар даражасида такомиллаштириш ва ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. 
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакили Туркия фуқароларининг юртимизга келиши учун виза тартиблари соддалаштирилгани ва бу борада яратилган қулайликларга тўхталди.
Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг вилоятимиздаги вакили З.Эшонқуловнинг юртимизда зиёрат туризмини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, заминимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис алломалар ҳақидаги маълумотлари ҳам  туркиялик меҳмонларда катта қизиқиш  уйғотди.

Матбуот анжуманида меҳмонлар юртимизга саёҳати таассуротларга бой бўлганини таъкидлаб, бунинг учун Ўзбекистон ва Туркия Республикалари раҳбариятига миннатдорлик билдирди. Икки мамлакатнинг сайёҳлик борасида ҳали фойдаланилмаган имкониятлари жуда кўплиги ва буни тарғиб этишда оммавий ахборот воситалари фаол иш олиб бориши зарурлиги қайд этилди.
– Кейинги уч кун давомида Самарқанд ва Бухородаги тарихий обидалар билан танишиб, буюк туркий алломалар номи билан боғлиқ масканларни зиёрат қилиб, туркий халқ вакили эканлигимдан яна бир бор ғурурландим, – дейди Туркиянинг TRT world телеканали мухбири Эрол Севан. – Мен ҳам шу заминга боғлиқлигимни англадим. Юртингизга келган кунимдаёқ миллий кийимларингизни харид қилиб, сафар давомида кийиб юрдим. Ҳеч ким мени бошқа миллат вакили демади, ўз қардошларидек ҳурмат-эҳтиром кўрсатишди. Қисқа фурсатга бўлса-да, Ўзбекистонга келганимдан бахтиёрман. Саёҳатимиз ҳақида телеканалларимизда кўрсатувлар тайёрлаш ниятидамиз.
Матбуот анжумани якунида туркиялик журналистларга эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Т.Жўраев сўзга чиқди.

Ўз мухбиримиз.


Reklama huquqi asosida