Охирги янгиликлар

ДЕПУТАТНИНГ МАҲАЛЛАГА ТАШРИФИ ИЖТИМОИЙ ТУРМУШНИ БАРҚАРОРЛАШТИРИШГА КЎМАК БЕРДИ Жамият

Халқ билан мулоқот қилиш асносида аҳолининг ижтимоий турмушини барқарорлаштиришга кўмаклашиш, халқ депутатлари Тойлоқ туман Кенгашидаги "Адолат" СДП депутатлари фаолиятида муҳим ўрин эгалламоқда. Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни маҳаллаларда депутатнинг халқ билан мулоқоти ўтказилмоқда.
Ногиронлар куни муносабати билан туман Кенгаши депутати Сулаймон Боқиев ва туман партия кенгаши раиси Нилуфар Акрамова Сочак, Ворсин қишлоқларидаги маҳаллаларда бўлиб, ёрдамга муҳтож ва ногиронлар ҳолидан хабар олишди. Сочак маҳалласида яшовчи 90 ёшли Мардон бобо Маматқулов, Ворсин маҳалласидаги II гуруҳ ногирони Норчучук Ҳамроева бир пиёла чой устидаги самимий суҳбат, совға-саломлар учун депутатга миннатдорчилик билдирди. 85 ёшли фуқаро Ҳазратқул Каримов шу куни депутат билан учрашувда Ворсин қишлоғидаги 10 та хонадонни суюлтирилган газ билан таъминлаш масаласи депутат иштирокида ҳал этилишидан мамнунлигини изҳор этди.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ.
МЕҲНАТНИНГ НОНИ ШИРИН
Гулнора Азимбоевани нафақат Тойлоқда, балки, вилоятимизда ҳам ҳунарманд, моҳир тўқувчи сифатида билишади. У қарийб 25 йилдан бери тўқувчилик билан шуғулланиб, хотин-қизларга мўлжалланган миллий ва замонавий либослари билан элга танилган. 
Гулнора тўрт ёшлигида нотўғри ташхис туфайли тўшакка михланиб қолди. Ота-онаси уни оёққа турғазиш учун тиним билмади. Иложи йўқлигини англагач, тақдирга тан бериб, ногиронлик аравачаси олиб беришди. Мурғаккина қизча ўқиш-ёзишни ўрганди, китоб билан ошно тутинди. Яқинлари унга қизиқарли китоблар келтириб беришарди. Мактабда сурат чизишни ўрганди. Дафтарларни сурат ва чизмалар билан тўлдириб ташлади. Айниқса, чиройли либосларнинг чизмаларини маҳорат билан чизарди. Уларга ҳошия ва безаклар беришни ўрганди. Бу қизиқиш туфайли моҳир чеварлардан кийим-кечак бичиш сирларини ўзлаштирди. 

– Аёлларимизнинг, айниқса, келинчакларимизнинг бош кийимлари, эгнидаги либослари ҳар қандай кишида ҳавас уйғотади, – дейди Гулнора опа. – Мен дастлаб болаларга пайпоқ ва кепка тўқиганман. Кейинчалик катта ёшдагилар учун кийим-кечаклар тўқишга ўтдим. Аста-секин касбнинг барча сир-асрорларини ўрганиб олдим. 

Бугунги кунда опанинг 20 нафарга яқин шогирдлари тўқувчилик касбини пухта эгаллаб, ҳунармандлик билан шуғулланяпти. 
– Гулнора нафақат қўли гул тўқувчи, балки ҳақиқий гўзаллик шайдоси, – дейди тумандаги Чороғон маҳалласида яшовчи Озода Қодирова. – Барча фарзандларимга иссиқ кийим-бошлар тўқиб берди. Шунингдек, унинг гўзаллик салони ҳам эртадан кечгача хотин-қизлар билан гавжум бўлади.  
Дарвоқе, 8 йил илгари Гулнора шогирдлари билан ҳамкорликда "Жасмина" гўзаллик салонини ташкил этган эди. Куннинг маълум бир қисмини шу ерда ўтказади. Бу ерда унга шогирдлари яқиндан ёрдам беришади. Ҳар куни 20-25 нафар мижозларга юз ва тирноқ пардози, соч турмаклаш, тери парваришлаш, қош ва киприкларни безаклаш каби ҳар хил косметик хизматлар кўрсатилади.  
Жорий йил Гулнора учун жуда қувончли бўлди. Чунки устоз-шогирд анъанасини давом эттириб, кўплаб шогирдлар тайёрлаб, ҳунармандчиликнинг тўқимачилик йўналишини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Президентимиз Фармонига асосан "Шуҳрат" медали билан тақдирланди. 

Дилмурод ТЎХТАЕВ. 


Reklama huquqi asosida