Охирги янгиликлар

ДАВЛАТ ВА ОТА-ОНА ОЛДИДА БУРЧЛИМИЗ Жамият

Фуқароларнинг Конституцияда белгиланган бурч ва мажбуриятлари нималардан иборат?
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XI боби (47-52-моддалар)да фуқароларнинг бурчлари белгилаб берилган.
Мамлакатимиз фуқаролари аввало, Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар.
Шунингдек, Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб-асраш, атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлаш мажбуриятлари ҳам бор. Чунки Бош Қомусимизда ер, ерости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар давлат муҳофазасида эканлиги белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш ҳам Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчи ҳисобланади. Фуқаролар мудофаа, умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизматга доир қонунларда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўтайдилар. 
Конституциямизнинг XIV (Оила) бобида ҳам ота-оналар ва фарзандларнинг бир-бирлари олдидаги мажбуриятлари кўрсатиб ўтилган. 
Унга кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга, ўз навбатида вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.
Конституцияда белгиланган ушбу мажбуриятлар қонунлар ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда мустаҳкамланган ҳамда уларни бажармасликнинг ҳуқуқий оқибатлари, қўлланиладиган жавобгарлик чоралари кўрсатиб ўтилган.
Ф.НАРЗУЛЛАЕВ,
Самарқанд шаҳар 1-сон давлат нотариал идораси катта нотариуси.


Reklama huquqi asosida