Охирги янгиликлар

МЕҲР-МУРУВВАТ КЎРСАТИЛДИ Жамият

Вилоят мусиқа ва драма театрида 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан хайрия марафони бўлиб ўтди.
Вилоятдаги корхона ва ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими раиси Ҳ.Нормуродов, "Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Ф.Тошев, вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов сўзга чиқиб, юртимизда имконияти чекланган шахсларга кўрсатилаётган эътибор ва яратилаётган имкониятлар, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлаб ўтишди. 

Тадбирга таклиф этилган ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик аравачаси, эшитиш мосламаси, ҳасса ва қўлтиқтаёқлар ҳадя этилди. 
– Ҳукуматимиз томонидан бизга кўрсатилаётган ғамхўрликдан бошимиз осмонга етди, – дейди вилоят ногиронлар жамияти раиси Дилмурод Пардаев. – Халқимизга хос бўлган меҳр-шафқат ҳамда эзгулик туйғуларини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг эҳтиёж ва талабларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг куни кеча қабул қилинган "Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ногиронларга қулай ҳаётни таъминлаш учун қўшимча шароитлар яратишни назарда тутади. Бугунги марафондан тушган маблағлар кўнгли ўксик кишиларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ҳимоялашга, шунингдек, уларнинг турмуш шароитини яхшилашга сарфланади. 

Шаҳар ва туманларда истиқомат қилаётган имконияти чекланганларга 179 та аравача, 60 та эшитиш мосламаси ҳамда 300 дан зиёд ҳасса ва қўлтиқтаёқлар тарқатилди. Шунингдек, 67 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга саломатликларини тиклашлари учун сиҳатгоҳларга йўлланма берилди. 

– Бахтсиз ҳодиса оқибатида тўшакка михланиб қолгандим, – дейди Иштихон туманидан Зафар Бегматов. – Аммо яқинларим иродамнинг букилишига йўл қўймадилар. Туман ҳокимлиги ва маҳалламиздагилар доим ҳолимдан хабар олиб туришади. Давлатимиз томонидан берилаётган имкониятлар туфайли саломатлигимни тиклаш учун махсус шифохоналарда даволаняпман. 
Шу куни "Саховат", "Мурувват" уйлари, "Марварид" сиҳатгоҳи, вилоят ногиронларни реабилитация қилиш маркази ҳамда махсус мактаб-интернатларда хайрия тадбирлари бўлиб ўтди. 
***
Мазкур сана муносабати билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан "Саховат" ва "Мурувват" уйларида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилди. 
Ургут туман тиббиёт бирлашмаси, Самарқанд шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси мутахассислари 570 га яқин кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий кўрикдан ўтказди. 
Вилоят офтальмология шифохонаси мутахассислари томонидан "Саховат" уйида ташкил этилган тиббий кўрикда кўз касалликлари борлиги аниқланган якка-ёлғиз кексалар ҳамда беморларга "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлими томонидан махсус кўзойнаклар тақдим этилди.
***
Самарқанд шаҳридаги 61-махсус мактаб-интернатида ўтказилган тадбирда "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлими директори Р.Раҳмонова, мактаб-интернат директори Г.Эргашева мамлакатимизда жисмоний имконияти чекланган ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари давлат ҳимоясида эканини таъкидлади.
Байрам муносабати билан интернат тарбияланувчиларига ҳомийлар томонидан совғалар топширилди. 
Д.ЎТАМУРОДОВ.
***
Вилоят рус миллий-маданий марказида уруш ва меҳнат фахрийлари иштирокидаги учрашувда марказ раиси Ю.Огнев, "Sanagrohim" Россия-Ўзбекистон қўшма корхонаси директори А.Мирзаев мамлакатимизда нуронийлар, уруш ва меҳнат фахрийлари, ногиронлар ва ўзгалар ёрдамига муҳтожларга алоҳида эътибор қаратилаётгани, уларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатилаётганини қайд этди. 
Тадбирда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ю.Ляхов ҳамда меҳнат фахрийси Т.Костиналарга "Sanagrohim" Россия-Ўзбекистон қўшма корхонасининг ҳомийлик совғалари топширилди. 
Й.СУЮНОВ.
***
Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида ёшлар иттифоқи институт бошланғич ташкилоти ташаббуси билан ўтказилган тадбирда институт талабалари А.Адилбаев ва Ҳ.Акбаровларга ҳомийлик совғалари тақдим этилди.
Ш.ЭРНАЗАРОВ.
***
Оқдарё тумани ҳокимлиги ва прокуратураси, туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман бўлими томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг 32 нафарига ногиронлар аравачаси, 7 та қўлтиқтаёқ, 6 та ҳасса ва 2 та эшитиш мосламалари берилди. 200 нафар ногирон кексаларга мурувват совғалари тарқатилди. Шунингдек, 50 нафар тўшакда ётган беморларга ёғ, гўшт, шакар каби кундалик эҳтиёж маҳсулотлари етказиб берилди.  
Ш.САНАҚУЛОВ.
***
Вилоят савдо-саноат палатаси мажлислар залида Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти вилоят бўлимининг навбатдан ташқари конференцияси бўлиб ўтди. 
Унда Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви раиси А.Мирҳамидов йиғилганларга юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларга, шу жумладан, кўзи ожизларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликларга тўхталиб ўтди. 
Шунингдек, тадбирда жамиятнинг беш йиллик иш фаолияти ўрганилиб, танқидий фикрлар билдирилди. 
Конференция ишида ташкилий масала кўрилиб, кўзи ожизлар жамияти вилоят бўлими раислигига Зойир Охбўтаев сайланди.
Ўз мухбиримиз. 
***
Самарқанд шаҳар ички ишлар бошқармаси миграция ва фуқароликка расмийлаштириш бўлими томонидан Самарқанд шаҳрида яшовчи уч нафар ногиронлиги бўлган фуқароларнинг янги намунадаги биометрик паспортлари уларнинг уйида топширилди. 
– Имкониятимиз чекланганлиги туфайли ўзим бориб паспорт олишимнинг иложи бўлмади, – дейди Самарқанд шаҳридаги Хўжақишлоқ маҳалласида истиқомат қилувчи 1-гуруҳ ногирони Раҳимберди Маҳмудов. – Паспорт хизмати ходимларига раҳмат, бизни сарсон қилмасдан, уйимизга келиб, замонавий мобиль қурилма ёрдамида янги намунадаги паспортларни олишга талабнома олиб кетган эди. Орадан кўп ўтмасдан қўлимизга янги паспортимизни ҳам келтириб беришди.
 Шунингдек, бўлим ходимлари мобил қурилма ёрдамида яна уч нафар ногиронлиги бўлган шахснинг хонадонига бориб, янги паспорт учун талабномаларини қабул қилиб олишди. Улар ҳам тез кунларда янги биометрик паспортга эга бўлади.

Ш.ҲАЛИМОВ,
Самарқанд шаҳар ИИБ Мва ФРБ бошлиғи, подполковник.
ХАВФСИЗ МЕҲНАТ ШАРОИТИ УНИ ЯРАТИШ ЎЗ ҚЎЛИМИЗДА
Вилоят ногиронларни реабилитация қилиш марказида вилоят бандлик бош бошқармаси ташаббуси билан "Меҳнатни муҳофаза қилиш                       тўғрисида"ги Қонуннинг ижросига бағишланган семинар бўлиб ўтди. 
Вилоят бандлик, соғлиқни сақлаш ҳамда ёнғинга қарши курашиш бошқармалари вакиллари иштирок этган тадбирда вилоятимиздаги тиббиёт муассасаларида "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонун талаблари лозим даражада бажарилмаётгани, ишчи-ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилишга оид ҳуқуқлари бузилиш ҳолатлари аниқланганлиги, жамоатчилик назорати сустлиги таъкидланди.

– Ўрганишларимиз натижасида айрим тиббиёт муассасаларида ноқонуний тортилган табиий газ ва электр энергияси тизимларидан фойдаланиб келинаётганлиги маълум бўлди, – дейди вилоят бандлик бош бошқармаси меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитлари экспертизаси давлат инспекцияси бошлиғи Эргаш Жонбоев. – Беморлар ётоқхонасида, ошхона, ҳатто баъзи муолажа хоналарида қўлбола иситиш мосламаларидан, шунингдек, электр печларидан фойдаланилмоқда. Ёнғинга қарши курашиш воситалари, жумладан, қум, белкурак, пақир ва бошқа воситаларнинг йўқлиги муассасанинг фавқулодда вазиятларга тайёр эмаслигини билдириб турибди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.

ЯНГИ ТИББИЁТ УСКУНАЛАРИ УЛАР ХИЗМАТИДАН БЕМОРЛАРНИНГ КЎНГЛИ ТЎЛМОҚДА
Соғлиқни сақлаш тизимидаги олиб борилаётган ислоҳотлар вилоят ногиронларни реабилитация қилиш маркази фаолиятида ҳам ўз аксини топмоқда. Жумладан, жорий йилда марказга Япониянинг Jaynd агентлиги гранти – 109,5 минг доллар эвазига саккизта ўта ноёб тиббиёт асбоб-ускуналари келтириб ўрнатилди. Шунингдек, марказ шифокор-мутахассислари Россиядан келтирилган электронейромиография ускунасидан фойдаланиб, беморларни даволай бошлашди. 

– Мамлакатимизда биринчилардан бўлиб мазкур ускуна асосида беморларни даволашни бошладик, -дейди невропатолог врач Моҳичеҳра Раҳмонова. – Унда беморларнинг мушак ва асаб тизимининг функционал ҳолати ўтказувчанлиги аниқланиб, умумий электрофизиологик текшириш ўтказилади. Муолажалар туфайли бемор организмининг фаол ҳаракатлари қайта тикланади. Ускуна полинейропатия ва тарқоқ склерознинг барча турлари, остеохондроз асоратлари, умуртқа жароҳатлари, мия чайқалиши, мушак, вибрацион каби бир қатор хасталикларни даволашда қўл келмоқда. 
– Саломатлигимни тиклаш мақсадида шу ерга келиб даволандим, – дейди қашқадарёлик Муҳиддин Қурбонов. – Инсультга чалинганим боис ўнг оёқ ва қўлим анча кучсиз эди. Янги ўрнатилган ускуна муолажаси наф бераётгани қисқа муддатда сезилди. Бир қатор физиотерапивтик даволардан сўнг соғлиғим анча  яхшиланди.
Тиббиёт муассасасида ноанъанавий даволаш усуллари ҳам амалиётга кенг татбиқ этиляпти. Жумладан, озонатерапия, огинатерапия, игнатерапия, гредотерапия ва зулук билан даволаш йўлга қўйилди. 
Абдурасул САТТОРОВ.


Reklama huquqi asosida