Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

2019 йил Самарқандда энг кўп оилавий боғча очилди. 54 нафар мудира билан меҳнат шартномаси бекор қилинди

Мактабгача таълим тизимида кейинги икки йил асосий эътибор болаларнинг боғчаларга қамровини ошириш, сифатли таълим-тарбия беришга қаратилди. Вилоятда жорий йилнинг якунида 3-7 ёшгача бўлган болаларнинг боғчаларга қамрови 50 фоиздан ошди.

Чекка туманларда мактабгача таълим ташкилотлари ташкил қилиниб, ушбу ҳудуд болалари ҳам таълим-тарбияга жалб қилинди. Ургутнинг узоқ қишлоқларида болаларнинг боғчаларга қамровини ошириш мақсадида модул боғчалар фаолияти йўлга қўйилди.

Вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилфуза АЗИЗОВА билан суҳбатимиз тизимда бўлаётган ўзгаришлар, олиб борилаётган ишлар, болаларнинг қамрови, янги қонун билан амалга оширилиши кўзланган режалар борасида бўлди.

- Бугунги кунда вилоятимизда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар 323 минг 916 нафарни ташкил этади, уларнинг 163 минг 231 нафари 2010 та мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган, - дейди Д.Азизова. – Агар ўтган йиллар билан солиштирадиган бўлсак, бу анча қувонарли натижа. 2017 йилда 564 та боғчада 305 минг 68 нафар боладан 63 минг нафари  тарбияланган бўлса, бугун улар 3,5 баробарга ошди. Мактабгача таълим тизимини ривожлантириш борасида 30 дан зиёд қарорлар қабул қилинди. Президентимизнинг 2019 йил 19 декабридаги «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги қарори мактабгача таълимни ҳар томонлама ривожлантиришнинг бир нечта талабларини қамраб олди. Ота-оналарга қатор қулайлик яратилди, тарбиячилар масъулияти оширилди. Ўқув-дастурлари учун давлат стандартлари жорий қилинди. Барчаси болаларнинг эрта ёшдан сифатли таълим олишига қаратилди.

Қонунда  педагог ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгиланди. Авваллари боғчаларда таълим ва тарбия ишлари мудира зиммасидаги масъулият бўлган бўлса, бугун бу жараёнга педагоглар жалб этилди. 

Шунингдек, янги қонунга кўра, энди мактабгача таълим муассасаларида ҳам давлат таълим стандартлари бўлади. Ҳар бир гуруҳ тарбиячилари нечта сўз билиши керак? Умуман, мактабгача ёшда нималарни ўрганиши мумкин? Барчаси давлат стандартлари асосида белгиланади.

 

Энди ота-оналар ҳам фарзандларига таълим беради

- Кореяда тажриба алмашиш асносида бир жиҳат эътиборимни тортди. Мактабгача таълим муассасаларида ота-оналар ҳам фарзандларига турли мавзуларда, ҳаттоки, касби борасида ҳам машғулотлар ўтиши мумкин. Бу жуда яхши амалиёт. Бизда ҳам боғчаларда «Бувижонлар мактаби» ташкил этилди. Бунда ота-оналар бувижонларимизнинг ибратли ҳикоялари, панд-насиҳатлари, тарбиявий аҳамиятга молик тавсиялари асосида болалар билан суҳбат қилишади. Тарбиячилар томонидан ташкил этилган очиқ машғулотларга кузатувчи сифатида ота-оналарни ҳам жалб қилдик. Улар тарбиячиларнинг таълим бериш самарадорлигини баҳолайди.

 

Мақсад тарбиячини уялтириш эмас, амалий кўмак бериш

- Яширмайман, ҳали ҳам боғчаларимизда эски тизимда ишлайдиган тарбиячилар бор. Бугун таълимда бир қатор ўзгаришлар қилинаяпти. Ҳар бир тарбиячи ўз устида ишлаши, янгиликлардан, янги педагогик техлогиялардан хабардор бўлиши лозим. Янгилик сифатида боғча тарбиячиларини уч босқичда ўзаро малака ошириши бўйича синов амалиётини ўтказаяпмиз. Дастлаб тарбиячилар боғчаларнинг ўзида бир-бири билан малака алмашади. Яъни кичик гуруҳ тарбиячиси катта гуруҳ тарбиячиларига, ёки аксинча бўлиб болаларга сабоқ беради.  Кейин боғчалар, туманлар кесимида тарбиячилар ўз ишланмаларини намойиш этади. Мақсад ҳар бир тарбиячини ўз устида ишлаш кўникмасини шакллантириш ва замонавий таълим  ишланмаларини кенг оммалаштириш.

2019 йилда 54 нафар МТТ раҳбарлари ишдан бўшатилди

- Жорий йилнинг 11 ойи давомида вилоят бўйича 54 нафар МТТ раҳбарлари билан меҳнат шартномаси бекор қилинди, шундан 16 нафари ўз фаолияти давомида қўпол қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган. 116 нафар мудираларга интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Тўғри, боғчаларимизда ҳам талай муаммолар бор. Вилоятимизнинг чекка ҳудудларида жойлашган 69 та мактабгача таълим ташкилотлари ичимлик суви билан таъминланмаган, 342 та боғча таъмирга муҳтож, 157 та МТТда буржуйка ва голланд печларидан фойдаланилади. Уларни бартараф этиш бўйича Инвестиция, «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» ва «Обод маскан» дастурлари асосида босқичма-босқич ишлар амалга оширилиши режалаштирилган.

Асосийси, боғчаларимизда таълим ва тарбияга эътибор катта. Болаларни ҳар томонлама баркамол вояга етказишда барчамиз биргаликда ҳаракат қилаяпмиз. Бу албатта, ўз самарасини бермай қолмайди.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.