Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Баданга шикаст етказилса, қандай жазо бор?

- Укам ўртоғи билан жанжаллашиб, ҳозир тергов беряпти. Унга “қасддан баданга енгил шикаст етказиш” айби қўйилди, дейишди. Мазкур жиноят ҳақида кенгроқ маълумот берсангиз.

Р.ЎРОҚОВ,

Самарқанд шаҳри.

- Баданга шикаст етказиш, деганда инсон органлари ёки организми тўқималари анатомик тўкислиги ёки физиологик функциясининг ташқи таъсир оқибатида бузилиши тушунилмоғи лозим.

Баданга етказилган шикастнинг хусусияти ва оғирлик даражасини аниқлаш, одатда, тиббиёт органлари ваколатига тааллуқли бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 1992 йил 21 октябрдаги буйруғи билан тасдиқланган, баданга етказилган шикаст оғирлигини суд-тиббий йўсинда белгилаш қоидаларига мувофиқ ўтказилади.

Шу сабабли, баданга шикаст етказилган ҳар бир ҳолда ЖПК 173-моддаси биринчи қисмининг 1-банди талабига кўра, суд-тиббиёт экспертизаси тайинланиши ва ўтказилиши шарт бўлиб, унинг хулосаси суд томонидан қайд этилган қоидалар ва ишнинг бошқа материаллари асосида (ЖПК 187-моддаси) баҳоланиши лозим.

Соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш ўша ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч ойгача қамоқ билан жазоланади.

Соғлиқнинг қисқа вақт, яъни олти кундан ортиқ, аммо йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқотилишига сабаб бўлган қасддан баданга енгил шикаст етказиш энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд тўрт ойгача қамоқ билан жазоланади.

Абдиҳаким ОЛТИБОЕВ,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси.