Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Барча оила бахтиёр бўлиши учун...

Ҳаётда кузатгансиз: кимдир келин танлашда унинг чиройини ўлчов қилиб олса, бошқаси бўлажак келиннинг молига қизиқади, учинчиси ҳасаб ва насабига эътибор беради ва ҳоказо. Шунингдек, куёв танлашда ҳам гоҳида куёвнинг мансабига ёки бойлигига, баъзида куч-қувватига ёки чиройига учадилар.

Азалдан муқаддас саналган оила қўрғонини қуришда бу икки жиҳат қанчалик муҳим аҳамиятга эга?

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Бахтиёр оила сирлари” китобида қайд этилишича, муносиб келин танлашда диндорлиги, солиҳалиги, болага меҳрибон ва эрга риояли бўлиш, бокиралиги, итоаткорлиги муҳим аҳамиятга эгалиги қайд этилиб ота-оналарга мўмина-муслима, жажжи қизларимизни ёшлигидан зикр этилган олиймақом сифатларни ўзида мужассам қилиб тарбиялашга ҳаракат қилиш лозимлиги уқтирилган.

Шунингдек, оила қуришда фақат куёв тараф келин танлаш ҳуқуқига эга эмас, балки келин ҳам куёв танлаш ҳуқуқига эгалиги таъкидланган. Чунки оила кўнгилга боғлиқ маънавий ва руҳий алоқа, бунда икки томон бирдек иштирок этмаса яхшиликка эришиб бўлмас, оилага эр қанчалик зарур бўлса, аёл ҳам шунчалик зарур экан.

Китобда куёв танлашда қуйидаги сифатлар - диндорлиги, тақводорлиги, ҳусни- хулқи, оила масъулиятини адо этиш қобилияти, келиннинг тенги бўлиши, бунда ёши, ижтимоий ҳолати ва шунга ўхшаш жиҳатлар кўзда тутилган.

Албатта, ҳар бир оилада эр-хотин тинч-тотув, аҳил-иноқ бахт нашидасини суриб яшаши айни муддаодир. Ҳамма оила ҳам шуни исташи турган гап. Бироқ оила аъзолари, хусусан, эр-хотин ўртасида тушунмовчилик, келишмовчилик ва уруш-жанжаллар чиқиб туриши табиий. Ушбу ҳолатни тўғри ҳал қилиш эса оила ва унинг аъзолари саодатига хизмат қиладиган муҳим омил.

Давлатимиз раҳбари томонидан оила ва никоҳ масалаларида чиқарилган қатор қарор ва фармонларда айни шу жиҳатга эътибор қаратилган. Мазкур ҳужжатлар асосида эса Олий суд ҳамда тегишли ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик меморандумлари ҳамда қўшма кўрсатмалар имзоланган. Уларда судларда кўриладиган фуқаролик ишларини ўзаро ярашув институтини қўллаган ҳолда якунлаш юзасидан келишувларга эришилган.

Шу жиҳатдан, фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро суди томонидан жорий йилнинг 4 ойи давомида 50 дан ортиқ фуқаролик ишлари тарафларнинг ўзаро ярашганлиги сабабли юритувдан тугатилди. Ушбу оилаларнинг ўртача икки нафардан фарзанди борлигини ҳисобга олсак, 100 га яқин бола тирик етим бўлишининг олди олинди.

Камол НАМОЗОВ,

фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро суди раиси.