Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бир шеър таҳлили: "Мен ёр севдим, ишқ ўради ўйимни..."

Гўзал қалб соҳибаси, садоқат куйчиси дея ном олган шоира Зулфиянинг шеърий олами, лирикасининг бош мавзусини муҳаббат ташкил этади, десак муболаға бўлмайди. Ҳолбуки, шоира қўлига қалам олган чоғдан бошлаб умрининг сўнггига қадар шу пок туйғуни улуғлади, садоқат, вафо, ор-номус, ҳаё, иффат, қўйингки, бутун одамийликни ишқ торларида куйлади. Шоиранинг «Тингла булбул» шеъри ҳам айни шу пафосда туғилган.

Булбул сайрар, ирмоқ куйлар, ўйнар ел,
Ҳамма ёққа нур тўлганга ўхшайди.
Ширин куйга тўлиб кетди маъсум дил,
Севги унга ёр бўлганга ўхшайди.

- Тўхта, булбул, мен куйлайин, жон булбул,
Сен тинглагин қалбимдаги торимни.
Баҳор десам, рашк қилмасин чаман гул,
Юрагимга кириб олган ёримни.

Мен ёр севдим, ишқ ўради ўйимни,
Эрка дилнинг тўлқинига қулоқ сол.
Сен бийронсан, лекин менинг куйимни
Кўрки бўлган садоқатдан сабоқ ол…

Лирик қаҳрамоннинг юрагига муҳаббат қачон кириб келгани маълум эмас, бу муҳим ҳам эмас. Аммо у бу пок туйғуни аллақачонлар кўнглидан ўтказгани учун ҳам дунёни муҳаббат ранглари ила илғайди. Севги унга ҳамма нарсани рўй-рост ошкор этиб боради. Чунки муҳаббат – бу ҳақ, ҳақиқат йўли. Шоиранинг қалб кўзи бу манзилда фақат ишқ мубтало этган чин ошиқларга дуч келгани учун ҳам нима ёлғону нима чин, ким садоқатли-ю ким хиёнаткорлигини дарров илғайди. Шеърнинг биринчи бандида булбулнинг сайроғи атрофга эшитилган он лирик қаҳрамон «ирмоқ куйлагани», «ел эсгани», «ҳамма ёқ нурга тўлгани», «дилларга ширин куй тўлгани»ни қушнинг севиб қолганига йўяди, шу боис ошиқона сайраётганини таъкидлайди. Шеърнинг иккинчи бандида эса у булбулни куйлашдан тўхтатишга уриниб, айни дам юрагида кечаётган ҳисларини ошкор этади:

«Баҳор десам, рашк қилмасин чаман гул,

Юрагимга кириб олган ёримни»

Гарчанд гул булбулнинг сеҳрли овозда куйлаган «изҳори дил»идан маст унинг ишқига хайрихоҳ бўлса-да, жонажони, ҳаёт бахш этиб турган хилқат – баҳорнинг оғушидадир. Шунинг учун ҳам уни жони қадар севади ва ҳаммадан қизғанади. Лирик қаҳрамон эса ёшлик, гўзаллик ва поклик тароватини таратажак бу фаслга қалб қўрини очган. У кўнглидан мангу жой олган.

Энди яна булбулга қайтсак.

Аёнки, булбул гулга ошуфта қуш. Унга илҳом бағишлайдиган, сайрашига асос бўладиган нарса ҳам шу чечакдир. Аммо унинг қўними йўқ. Бир чамандан иккинчи чаманга учиб қўнаверади ва ҳар сайраганда ҳар бир гулга бағишлаб ишқ куйини таратади. Дейлик, умри давомида бу сайроқи қуш юзта чаманга дуч келса, демак юзта гулга «изҳори дил» қилган бўлади. Бу эса чин муҳаббатни англатмайди. Севгиси ҳақиқий ошиқ фақат бир ёрни деб умр ўтказади ва бутун борлиғини, муҳаббатини унга фидо қилади.

Лирик қаҳрамон муҳаббат кишиси. У муҳаббат – мўъжизаси бор дунёнинг нелигини, сиру синоатини ва у кимларга тақдир қилиш-қилмаслигини яхши билади. Аслида синов тариқасида ҳадя қилинажак бу неъматни қадрламаганлар охир-оқибат бебурд, лафзсиз ва беобрў бўлиб кўпчилик назаридан қолишини доим эслатади. Бундай хунук аҳволга тушмаслик учун севгининг қадрига етиш кераклигини тайинлайди ва пировардида, ҳар бир ошиқни ўз ёрига вафоли бўлишга даъват этади ҳамда ўз садоқатининг нечоғлик буюклигини хитоб қилади:

«Сен бийронсан, лекин менинг куйимни

Кўрки бўлган садоқатдан сабоқ ол…»

Садоқат чин ва пок муҳаббат асир этган қалбнинг «узлат»идир. Бу шак-шубҳасиз ибодатдир. Ибодат лаззатини эса ҳақиқий ошиқ ва маъшуқлар ҳис этадилар.

Умид АЛИ (Кўчимов),

Ургут туманидаги 98-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.

Таҳририятдан: Очиғи, кейинги йилларда ўқитувчининг ўз фанига оид мулоҳазасини биринчи марта чоп этяпмиз. Чунки бундай хатлар олганимиз йўқ.

Ҳурматли муаллимлар!

Сизларга катта эътибор берилаётган, ғамхўрлик қилинаётган бир пайтда ҳафсала қилинг, уриниб кўринг, яхши мақолаларингиз билан ўқувчиларга ибрат кўрсатинг. Мактубларингизни кутамиз.