Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бизни ким алдаяпти, газ идорасими ёки мурожаатчи? (аудио ва видео)

13 июнь куни Zarnews.uz сайтида “Қўшқудуққа апрелдан буён суюлтирилган газ етказилмаяпти” номли мақола берган эдик. Унда Паст Дарғом тумани Қўшқудуқ маҳалласида яшовчи Р.Расулова аҳолига апрель ойидан буён суюлтирилган газ етказиб берилмаётганини маълум қилган. Бундан ташқари, мурожаатчи тўлдирилган газ баллонлари учун белгиланганидан ортиқча ҳақ талаб қилинаётганидан норози бўлгани ёзилган эди.

Орадан кўп ўтмай, бизга Самарқанд вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали идорасидан қўнғироқ бўлди ва сайтимизда берилган мақола нотўғри экани айтилди. Табиийки, биз идора ходимидан асос сўрадик. Шундан сўнг, Самарқанд вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали идорасидан бизга мурожаатчи томонидан ёзилган тушунтириш хати, далолатнома, “Ўзтрансгаз” бошқаруви раиси ўринбосари М.А.Бошмановга ёзилган хат ва видео ёзув юборилди.

Мурожаатчи ўз тушунтириш хатида сайтимизда берилган ахборот нотўғри эканини баён этган. Материалдаги аудиоёзувда эса Р.Расулова суюлтирилган газ баллоннинг вақтида етказилмаётгани ва белгиланган нархидан қиммат ҳақ олинаётганини айтган эди.

Шундан сўнг биз опа билан яна боғландик. Унинг гапларидан англашиладики, маҳалла раиси ва газ идораси ходимлари Р.Расулованинг уйига  бориб, ундан кечирим сўрашган ва юқоридаги тушунтириш хатини ёздириб олишган. Келинг, яхшиси, аудио ёзувни эшитиб кўринг.

Дарвоқе, бизга тақдим этилган ҳужжатлардан кўринадики, Р.Расулова ҳамда қўшқудуқлик фуқаролар газ баллон учун 19 минг сўм тўлаганликлари ҳақида тўлов варақаларига имзо қўйишган.

Юқоридагиларни эътиборга олсак, Р.Расулова ноҳақ бўлиб чиқади. Агар шундай бўлса, нега у бизга мурожаат қилди? Нега газ таъминоти идораси масъуллари маҳаллага бориб (Р.Расулованинг айтишича) аҳолидан узр сўради. Нотўғри маълумоти учун нима сабабдан унга чора кўрмади? Ва энг муҳими, нима учун Р.Расулова бизга қайта мурожаат қилиб нотўғри маълумот берганини айтмади? Ёки бу ерда бошқа гап борми?