Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бразилияда 1 грамм ипак қуртидан 4 килограмм маҳсулот олади. Биз етиштирган пилла эса 2,5 килодан ошмайди. Нега?

“Жомбой тонги” газетасининг шу йил 32-сонида “Мирсоли ота гигант баргли тут навини яратди” сарлавҳали мақола чоп этилди. Ўқиб “Абдуллажон” фильмини эсладим. Илгари одатдагидан икки-уч баробар йирик тарвуз-қовун, полиз маҳсулотларини етиштириш имконсиз эди. Кинодаги фантастик орзулар рўёбга чиқаётган кўринади. Бироқ соҳа мутахассислари халқ селекциясига ишонармикан?

Тут барги озуқаси тақчил йилларда одамлар узум, терак, тол баргини бериб кўришди. Ипак қурти емади. Ҳовлимизда 13 туп тут бўлган. Шапалоқдек барг ёзарди. Пиллага озуқа етказиб бериш биз учун муаммо туғдирмасди.

Отамдан кейин бу тутлар қаровсиз қолди, қувради. Икки тупини асраб қолдик. Уларнинг барги эмас, меваси ҳам йирик. Бир кўрган киши ҳайратини яширолмайди. Катталиги бармоқ узунлигидек келади. Ҳозиргача мевасини бозорда сотамиз. Қора марварид тутларнинг килоси 15 минг сўмдан кам эмас. Икки йил аввал уруғидан кўпайтирдик. Ҳаммаси униб чиқди. Аммо мевасидан кўра, барги учун қизиқиб келувчилар кўпаймоқда.

Соҳанинг масъул раҳбарларига ҳам учрашиб, озуқабоп тут навини кўпайтириш, асраб қолиш таклифини айтдим. Барг ва мевасидан намуна бердим. Аввалига маъқуллашди. “Отахон, буёғини бизга қўйиб беринг. Таклифингиз юқори ташкилотга юборилади. Жавоб бўлса, хабар берамиз”, дейишди. Икки-уч йил бўляптики, на юқоридан, на қуйидан тайинли жавоб эшитдик.

Ахир бу бошқа тут навларига сира ўхшамайди. Барги тўрт-беш баробар катта. Мирсоли ота ҳам шу тутнинг новдасини пайванд қилиб, яхшироқ натижага эришган кўринади. Таниш фермерни биламан. Бу йил шартномавий режани бажармади. Бир килограмм пиллани 50 000 сўмдан сотиб олди. Ариқ-зовур, қаровсиз ерлари қанча. Лекин бир туп кўчат, тут экишга ярамайди.

Республикамизда етиштирилаётган пилланинг сифат кўрсаткичи 15-16 фоиз паст экан. Нархи ҳам икки баробар арзон. Бразилия бир грамм ипак қуртидан 4 килограмм маҳсулот олади. Биз етиштирган пилла эса 2,5 килодан ошмайди. Бунга тут плантацияларининг барг ҳосилдорлиги, сифати пастлиги ҳам таъсир этиши аниқланди.

Йирик баргли тут нави ана шу камчиликка чек қўйиши мумкин. Пиллакорнинг меҳнати енгиллашса, соҳада ўсиш, сифат, ривожланиш бўлади.

Искандар БОТИРОВ,

Жомбой тумани, Бешбола маҳалласи.