Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Давлат хизматлари агентлиги Пайариқ ДХМдаги ҳолатга муносабат билдирди

Бугун сайтимизда Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Давлат хизматлари марказида олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш учун келган абитуриентлар оқими кескин ошгани натижасида юзага келган навбатлар ҳақида фотоахборот берган эдик.

Давлат хизматлари агентлиги мазкур ҳолат бўйича қуйидагиларни маълум қилди:

Бугунги кунда ҳақиқатдан ҳам барча ОТМга ҳужжат қабул қилувчи комиссиялар ва айрим Давлат хизматлари марказларида ҳужжат топшириш учун ташриф буюрган абитуриентлар оқими кескин ошгани натижасида навбатлар пайдо бўлиши кузатилмоқда.

Давлат тест марказининг маълумоти кўра, ҳақиқатдан ҳам Самарқанд давлат университети жорий йилда абитуриентлар орасида энг талабгор ҳисобланади ва унга 20 мингдан ортиқ абитуриент ҳужжат топширган.

ДХМларда навбат пайдо бўлиши сабабларидан бири — улар ҳозирча илгари мавжуд бўлган “Ягона дарча” марказлари биносида жойлашган. Аммо аввалги марказлардан фарқли ўлароқ, кўрсатилаётган хизматлар кўпайиб,, ташриф буюрувчилар сони бир неча маротабага ошган.

Давлат хизматлари агентлиги ушбу муаммони бартараф этишга қаратилган ишларни олиб бормоқда. Бугунги кунга қадар республика бўйлаб 30 га яқин замонавий, ҳар томонлама қулайликларга эга ва сўнгги технологик ечимларни ўз ичига олган Давлат хизматлари марказлари фойдаланишга топширилди.

Хусусан, Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Давлат хизматлари маркази замонавий биносини жорий йилнинг ноябрь ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, айнан олий таълим муассасаларига қабул қилиш жараёни қулайроқ бўлиши учун куни кеча Давлат хизматлари агентлиги томонидан белгиланган рўйхатдаги ОТМларга эндиликда ҳужжатларни туну кун - 24 соат давомида топшириш имконияти яратилди.

Шу боис, ҳурматли абитуриентларимизга жазирама иссиқда навбатда турмасдан ўзларига қулай бўлган вақтда Давлат хизматлари марказларига ташриф буюришларини тавсия қиламиз, дейилади хабарда.