Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эллик йиллик симёғочлар муаммоси ҳал этилади(ми?)

Аввал хабар қилганимиздек, айни айтда вилоят ҳокими Э.Турдимов Булунғур болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг «Мингчинор» олимпия ўйингоҳида туман аҳолиси учун сайёр қабул ўтказмоқда.

Ҳозиргача - икки соат давомида аҳолидан 100 дан зиёд мурожаат келиб тушди. Шулардан бири туманнинг Янгиариқ маҳалласида яшовчи Эшимқул Аъзамқуловдан бўлди.

- Биз яшайдиган Олтибароқ қишлоғида 30 хонадон бўлиб, 200 дан ортиқ аҳоли яшайди, - дейди Э.Аъзамқулов. - Свет тез-тез ўчади. Бунинг иккита сабаби бор: трансформатор «Достонбек Нажмиддинов чорваси» фермер хўжалигига тегишли бўлиб, у артезиан қудуғидан сув чиқариш учун электр моторини қўшганда, кучланиш юзага келиб, электр энергиясида узилиш бўлади. Иккинчидан, мавжуд 40 дан зиёд симёғочнинг барчаси яроқсиз...

Вилоят ҳокими бу муаммони батафсил тинглади ва «Самарқанд электр тармоқлари корхонаси» АЖ ҳамда корхонанинг туман бўлими мутасаддиларига икки кунда ҳолатни ўрганишни, шу йилнинг 15 мартига қадар симёғочларни бетон устунларга алмаштириш ва қишлоқ учун алоҳида трансформатор ўрнатиш вазифасини юклади.

Дарвоқе, олтибароқликлар ичимлик сувини ҳам қўшни Хатча қишлоғидан ташиб ичаркан. Бу муаммо бир ойда ҳал этиладиган, бунинг учун Хатча қишлоғидан Олтибароқнинг тўртта жойига ичимлик суви тармоғи тортиладиган бўлди.

Акрам БЎРИЕВ.