Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эркинжон ТУРДИМОВ: Тадбиркорлик қиламан, деган ҳар бир кишини қўллаб-қувватлашимиз керак

Аввал хабар қилганимиздек, бугун - 22 февраль куни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Булунғур туманида аҳоли учун сайёр қабул ўтказди.

Қабул давомида фуқаролар томонидан 250 га яқин турли мазмундаги мурожаатлар тушди. Эътиборлиси, уларнинг 200 га яқини аввалгилардан фарқли равишда шахсий масала эмас, қишлоқ, маҳалла, ҳудуд ёки жамоа манфаатини кўзлаган мурожаатлар бўлди. Масалан, Оқтош маҳалласи фаоли Қаҳрамон Исмоилов Булунғур тумани марказидан 30 километр олисдаги Шўрбедана қишлоғига кирувчи 6 километр йўлнинг ўта таъмирталаб бўлиб қолгани, Лалмикор маҳалласи раиси Раимқул Ғаффоров аҳоли саломатлигини сақлашда муаммо бўлаётгани, шунинг учун «Ғўбдин» қишлоқ врачлик пунктига битта тез тиббий ёрдам машинаси ажратилиши, Дўстлик маҳалласида яшовчи Раъно Анорова, Сайёра Дониёровалар товуқ боқиш, иссиқхона қуришда аҳолига кўмак зарурлиги ҳақида мурожаат қилишди.

Бу аҳолининг сайёр қабул нега ўтказилиши, унинг моҳияти нимадалигини англаётганидан далолат.

Ўз навбатида бу каби мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди, айримларига тегишли масъуллар томонидан қонуний тушунтиришлар берилди, ҳал этилиши керак бўлган ишларни бажариш учун  мутасаддиларга кўрсатма ва топшириқлар берилди. 

- Одамларимизнинг электр энергияси таъминотини яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш, тадбиркорлик фаолиятини юритиш ёки кенгайтириш учун шароит яратиш, кредит ажратиш ҳақидаги мурожаатлари, таклифлари замирида меҳнат қилиш, қўшимча даромад топиш ва албатта яхши яшаш мақсади ётибди, - деди Э.Турдимов. - Ахир қишлоқда свет бўлмаса, ичимлик суви таъминотида муаммо бўлса, йўллардан техника тугул одам юра олмаса, бундай жойда тадбиркорлик қилиб бўладими? Шунинг учун ҳар раҳбар, ҳар бир мутасадди идора ходими фуқароларга тадбиркорлик қилиш учун энг оддий, аммо энг зарур инфратузилмани яратиб беришга, уларни қўллаб-қувватлашга масъул эканини ҳис этиши керак.

Сайёр қабул давомида Давлат хизматлари  агентлиги вилоят бошқармаси масъул ходимлари ҳамда Булунғур туман давлат хизматлари маркази мутахассислари томонидан аҳолига сайёр тартибда мобил автобусда давлат хизматлари ҳам кўрсатилди.

Акрам Бўриев.