Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фермерларни ҳақорат қилган туман ҳокими огоҳлантирилди

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Бўстон тумани ҳокими Садбархон Мамитованинг овози экани айтилаётган аудио тарқалди.

Ушбу ҳолат юзасидан Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати муносабат билдирди.

Маълум қилишича, аудиоёзув юзасидан ўрганиш ишлари амалга оширилган. Аниқланишича, ҳақиқатдан ҳам аудио ёзув Бўстон тумани ҳокими С.Мамитовага тегишли эканлиги, тумандаги соя етиштирувчи фермерларнинг соя етиштириш ва уни йиғиб олишдаги масъулиятсизлиги оқибатида туманда ушбу экин ҳосилини йиғиштириб олиш ишлари бир мунча ортга сурилганлиги маълум бўлган.

Шу сабаб туман ҳокими фермердан нега соя ҳосилини ўз вақтида йиғиб олмасдан, экинни корчёвка қилиб, юлиб ташлашганлигига изоҳ сўраган.

Туманда соя ўсимлигини етиштириш ва уни йиғиб-териб олишда сусткашлик қилаётган ҳамда ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан қараётган фермерларнинг фаолияти туман ҳокимининг эътирозларига сабаб бўлган.

Юқоридаги ҳолатларни инобатга олган ҳолда, тарқалган аудиоёзув учун Бўстон тумани ҳокими С.Мамитовага вилоят ҳокимлиги томонидан “огоҳлантириш” берилган.

Маълум қилинишича, туманда 108 та ғалла ва пахта етиштирувчи фермер хўжаликларига жами 36,5 тонна соя ўсимлиги экиш ва етиштириш (500 гектар очиқ майдонга, 300 гектар ғўза қатор орасига) белгиланган.